2024 йилда ҳукумат хусусий секторда ишловчи аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари миқдорини уч бараварга қисқартиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда келаси йилги давлат бюджети лойиҳасида маълум қилинди.

2023 йилги давлат бюджетидан хусусий сектордаги ҳомиладор аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари учун 300,7 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 100 миллиард сўмгача камаяди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг айтишича, молиячилар буни маблағларнинг паст даражада ўзлаштирилиши билан изоҳлаган. Жумладан, 2023 йилда режалаштирилган 300,7 млрд сўмнинг атиги 50 миллиард сўми ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, шу боис келгуси йил учун прогноз 100 млрд сўмга туширилган.

Парламент аъзоси бу масалада маблағларнинг паст даражада ўзлаштирилиши сабабларини ўрганиш зарур, деб ҳисоблайди. «Менимча, бу ерда нега пул ўзлаштириш камлигини ўрганиш керак. Тахминимча, хусусий секторда ишлайдиган аёлларнинг катта қисми меҳнат шартномасисиз ишлайди. Кейин бюрократия. Пулни олиш учун корхона бухгалтери топшириши керак бўлган ҳужжатлар бор, эриниб, шуни қилмаса керак», — деб ёзди у Х (Twitter) саҳифасида.

Бюджет ташкилотларида ишлайдиган ҳомиладор аёлларга ҳомиладорлик ва туғуруқ нафақаларини 665 миллиард сўмдан 1 триллион сўмга ошириш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 сентябрдан Ўзбекистонда хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам давлат томонидан ҳомиладорлик ва туғуруқ нафақалари тўланиши бошланган. Тўлов минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари миқдори (2,27 млн сўм)ни ташкил этади.