Ўзбекистонда ҳокимликларга бюджет даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми маблағларидан фойдаланишни чеклаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ўтган ҳафтадаги мажлисида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

Депутат Дониёр Ғаниев 2022 йил июнь ойида жисмоний ва юридик шахслардан ер участкаларини олдиндан компенсация тўламасдан олиб қўйишни тақиқловчи қонун имзоланганини эслатди.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, кўп сонли жабрланувчилар суд қарори қўлида бўлишига қарамай, товон пулини ололмаяпти.

Парламент аъзоси 2024 йилги республика бюджетида компенсацияларни тўлаш учун маблағни маҳаллий бюджетларга юбориладиган трансфертлар ҳисобидан акс эттиришни таклиф қилди.

Жамшид Қўчқоров эса яқинда ҳукумат томонидан ҳокимликларга бюджет прогнозларининг ошириб бажарилиши натижасида ҳосил бўлган маблағлардан эркин фойдаланиш имконини берувчи ҳужжат лойиҳаси тайёрлангани ҳақида маълум қилди.

«Биз ушбу ҳужжатни олиб, қуйидаги бандни киритамиз: агар ҳокимликларнинг ер участкаларини олиб қўйиш ёки бинони бузиш бўйича қарзи бўлса, бюджетнинг ортиқча бажарилган қисмини бошқа мақсадларда ишлатиш тақиқланади», — деди бош вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, 2018 йилдан буён давлат бюджетидан биноларни бузиш ва ер участкаларини олиб қўйиш учун компенсация сифатида 4 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилган, бу эса «катта маблағ» ҳисобланади. Вазир ўрганишлар натижасида олдини олиш мумкин бўлган «снос»лар ҳолатлари ҳам аниқланганини тан олди.

Бу мақсадларга 2023 йилда 516,6 млрд сўм, кейинроқ эса яна қўшимча 170 млрд сўм йўналтирилган, 2024 йилда 500 млрд сўм йўналтирилиши режалаштирилган.