Улан-Баторда (Мўғулистон) бўлиб ўтган ЮНEСКОнинг Осиё ва Тинч океани ҳавзаси бўйича Жаҳон хотираси қўмитасининг 10-йиғилишида ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон миллий комиссиясининг иккита номинацияси «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.

«Жаҳон хотираси» рўйхатига «Туркистон альбоми (1871−1872)» ва «Худойберган Девоновнинг Хоразм воҳаси фотосуратлари (1879−1937)» номинациялари киритилди.

«Фотографик негативлар ва фотосуратлар тўплами кўринишидаги ҳужжатли мерос Хоразмнинг (Амударёнинг қуйи оқими, Хоразм воҳаси) тарихий-маданий ва маҳаллий ўзига хослигидан ҳамда XIX аср охири — XX аср биринчи уч ўн йиллигидаги тарихий-маданий ўзгаришлардан далолат беради», — дейилади хабарда.

жаҳон хотираси, маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, юнеско

«Туркистон альбоми (1871−1872)» номинацияси илмий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган нодир фотосуратлар ва рангли тасвирларни ўз ичига олган ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондларида сақланади. «Туркистон альбоми» тарихий, археологик, этнографик ва ҳунармандчилик бўлимларидан иборат. Албом миллий фотосуратлардан олинган материалларнинг тўлиқлиги ва ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Ушбу тўплам 1871−1872 йилларда тузилган ва 4 қисмдан — археологик, этнографик, ҳунармандчилик ва тарихий — ва 10 жилддан иборат. Албомнинг археология ва этнографияга бағишланган қисмини шарқшунос олим А. Л. Кун тайёрлаган. Агроном М. И. Бродовский ва ботаник И. И. Краузе ҳунармандчилик бўйича, В. П. Иванов расм бўйича, М. А. Ротмейстер эса ҳарбий тарихга оид материаллар тўплаган. «Туркистон албоми»нинг фотосуратлари Н. Н. Нехорошев томонидан олинган.

жаҳон хотираси, маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, юнеско

Иккинчи номинация «Худойберган Девоновнинг Хоразм воҳаси фотосуратлари (1879−1937)» хивалик ўзбек фотограф-новатори, кинематографи, режиссёри ва оператори Худойберган Девоновнинг коллекциясини акс эттиради.

Девонов тўплами Хоразм ривожланишининг турли даврларини ўз ичига олади: Муҳаммад Раҳимхон II, Феруз (1864−1910), Асфандиёрхоннинг (1910−1918) ҳукмронлик йиллари, Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР, 1920−1924) ва ЎзССР (1925−1937) ташкил топган йиллар. Бу ашёлар Туркистон ўлкасининг бурилиш нуқталарида содир бўлган реал воқеаларнинг ягона кўргазмали далилидир, дея таъкидлади жамғарма.