Қозоғистон полицияси Чимкентдаги ғишт заводларида ноқонуний равишда ушлаб турилган 60 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини меҳнат қуллигидан озод қилгани ҳақида ёзгандик. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат юзасидан баёнот берди.

Воқеа ҳақида

Чимкент шаҳридаги ғишт заводида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик А.А. мажбурий меҳнатдан қочиб, Олмаота шаҳрига борган ва у ерда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган эди.

14 октябрь куни Чимкент шаҳридаги ғишт заводларида тезкор тадбирлар ўтказилиши натижасида 60 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ва яшаш рухсатномаси йўқлиги сабабли Каратау тумани полицияси бўлимига олиб кетилган.

Вазият Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олиниб, суриштирув давомида ҳужжатлари йўқ 40 нафар фуқаро Чимкент шаҳридаги ИИБ вақтинчалик сақлаш марказига ва 24 нафари «Сана Сизем» ташкилоти ёрдамида ҳостелга жойлаштирилган.

18 октябрь куни 40 нафар фуқаронинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари Чимкент шаҳри полицияси бўлими ходимлари томонидан топилган ва уларга нисбатдан Қозоғистоннинг Маъмурий кодекси бўйича иш кўрилмоқда.

Агентлик муносабати

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Чимкент шаҳридаги вакили томонидан Каратау тумани полицияси бўлимида ушбу фуқаролар билан суҳбат ўтказилди.

Уларнинг ҳуқуқлари тушунтирилди. Фуқароларнинг асосий қисми паспортлари қайтариб берилса, ватанга қайтишини, иш берувчига нисбатан эътирозлари йўқлигини билдирди, дейилади агентлик хабарида.

Аниқланишича, ҳостелга жойлаштирилган фуқаролар орасида А.А. ҳам бор ва мурожаат бўйича судга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.