Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари Чимкентдаги ғишт заводларида ноқонуний ушлаб турилган ва эксплуатация қилинган 60 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини озод қилди, деб хабар бермоқда Polisia.kz.

ИИВ маълумотларига кўра, Ақтўбе шаҳрида яшовчи шахс полицияга мурожаат қилиб, унинг Ўзбекистон фуқароси бўлган укаси Чимкентдаги ғишт заводида меҳнат қуллигидан қочгани ва Олмаотага етиб келгани, бироқ у ўша ерда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берганидан сўнг тергов бошлаган.

«Сигнал олгандан кейин Олмаота Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ва Ауэзов туман ИИБ ходимлари Чимкент шаҳрига жўнаб кетишди, у ерда 1992, 1994 ва 1992 йилларда туғилган уч нафар „иш берувчи“ қўлга олинди», — дейилади ИИВ хабарида.

Иккита ғишт заводи ҳудудини тинтув қилиш чоғида тезкор ходимлар 60 дан ортиқ хорижлик ишчилар борлиги, уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани маълум бўлган.

«Судга қадар ўтказилган тергов-суриштирув ишлари давомида заводга хорижликлар ишга таклиф қилингани аниқланди. Сўнгра ҳужжатларни олиб қўйишган, ойликларни бермай, вақти-вақти билан жисмоний зўрлик ишлатиб, зўравонлик билан қўрқитишган», — дея аниқлик киритди ИИВ.

Жабрланганларнинг 25 нафари «Сана сезим» юридик маркази қарамоғига, қолганлари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги сабабли приёмникка жойлаштирилди.

Ғишт заводлари эгаларига нисбатан «Меҳнат эксплуатацияси мақсадида қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш» ва «Бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш» моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.