Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг 600 га яқин талабаси курсдан курсга қолдирилгани айтилган видео эълон қилинди. Институт ректори Илҳом Маматқулов ҳолатга изоҳ берди.

Қайд этилишича, видеода Сандерленд университети таълим дастури асосида институтда бакалавр босқичида ўқиётган талабалар ҳисобланади. Улар «Академик низом талаблари»га риоя этмагани учун қайта ўзлаштириш имтиҳонларидан ўта олмаган, шунингдек, ўқув жараёнлари билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан марказий рўйхатга олиш ва имтиҳон бўлимига мурожаат қилган талабалар бўлган.

Сандерленд университети таълим тизимига кўра, талабага фанни ўзлаштириш учун жами 4 маротаба имконият берилади. Шундан сўнг ҳам талаба фанни ўзлаштира олмаса, талабалар сафидан четлаштирилади.

Таъкидланишича, 2022−2023 ўқув йилида Сандерленд университети таълим дастури асосида 2313 нафар талаба таҳсил олган бўлиб, шундан 532 нафари академик низом талабларини қўпол равишда бузган (курс ишларида меъёрдан кўп плагиат қайд этилиши — «plagiarism» ҳамда кўчирмакашлик қилиш ёки шпаргалкалардан фойдаланиш ҳолати — «cheating»).

Олийгоҳ масала бўйича Сандерленд университети академик кенгаши томонидан ҳар бир талаба ҳолати индивидуал ўрганиб чиқилиши ва академик ҳуқуқбузарлиги таҳлил қилинишини билдирган.

Қайд этилишича, ҳамкор университетлар томонидан олиб борилаётган ўрганиш натижалари тўғрисида бир неча кун ичида талабаларга маълум қилинади.

«Талабаларнинг статуслари (фанни ўзлаштирганлик ҳолати) аниқ бўлгунга қадар, вақт йўқотмаслик мақсадида мазкур талабалар учун алоҳида гуруҳлар ташкил этилиб, улар тегишли фанларга йўналтирилди. Ҳозир талабалар ўқув жараёнларида иштирок этяпти», — дейилади расмий муносабатда.

Маълумот учун, институтда бир йиллик ўқув шартнома тўлови 32 миллион 256 минг сўм. Қайта ўзлаштиришга қолган талаба фақатгина қайта ўқиётган фани учун тўловни амалга оширади.