Қўштепа канали қурилишининг биринчи босқичи якунлангач, чоршанба куни унинг иккинчи босқичи бошланди, дея хабар бермоқда Tolo news нашри.

Қўштепа каналининг иккинчи босқичининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Балх вилоятига борган «Толибон»нинг юқори мартабали вакиллари Афғонистон ўзининг ғалласини етиштиришга эришишини таъкидлади.

«Ислом Амирлиги қишлоқ ва сув хўжалигига жиддий эътибор қаратиш ниятида, бунинг исботи сифатида Қўштепа каналини қуриш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз», — деди бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдулғани Бародар.

Мулла Абдулғани БародарМулла Абдулғани Бародар

Очилиш маросимида сўзга чиққан «Толибон» расмийлари минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистондан Қўштепа канали қурилиши бўйича ташвишланмасликни сўради. Улар Афғонистон минтақавий муаммоларни дипломатик алоқалар орқали ҳал қилишга тайёрлигини билдирди.

«Қўшниларимиз хавотир олмасин. Худо хоҳласа, Амударёдан қанча фойдалансак ҳам, барибир Афғонистон ҳақли бўлган даражага етмаймиз», — деди бош вазирнинг 2-ўринбосари Абдулсалом Ҳанафий.

«Агар қўшниларимиз бундан хавотирда бўлса, биз дипломатик алоқалар орқали улар билан боғланишга тайёрмиз», — деди ташқи ишлар вазири ўринбосари Шермуҳаммад Аббос Станикзай.

Айни пайтда «Толибон»нинг хавфсизлик ходимлари Қўштепа канали лойиҳаси хавфсизлигини таъминлашга ваъда бериб, ҳеч кимнинг лойиҳага тўсқинлик қилишига йўл қўймасликларини айтди.

«Бундай лойиҳаларни амалга ошириш ортида барчамиз, айниқса Мудофаа вазирлигининг миллий ҳамда исломий қўшинлари турибди ва улар буни бор кучлари билан қўллаб-қувватлайдилар», — деди мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид.

«Афғонлар ўз мажбурияти ва ваъдаларини бажарадиган ғайратли халқ. Биз [ҳуқуқий] чегараларимиздан чиқмаймиз, шу билан бирга, ҳуқуқларимизни ҳимоя қиламиз», — деди ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сиражуддин Ҳаққоний.

Балх вилоятининг Калдар туманидан бошланиб, Жаузжон вилоятидан ўтиб Фарёб вилоятининг Андхой туманигача етиб борадиган Қўштепа канали узунлиги 280 километрни, эни эса 100 метрни ташкил этади.

Қўштепа каналиҚўштепа канали

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилганди.

Ўзбекистон президенти Афғонистон томонидан Амударёдан қурилаётган Қўштепа канали ҳақида гапирар экан, «Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди», — деди.

Каналнинг ишга туширилиши «Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин», деб таъкидлади ва канал қурилишининг барча жиҳатларини ва унинг Амударёнинг сув режимига таъсирини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга чақирди.

Март ойида Афғонистон «Ўзбекистон билан ўзаро англашув асосида» Қўштепа канали лойиҳасини амалга оширишга тайёрлигини билдирганди.

2023 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон сув вазири Қўштепа канали орқали Афғонистон Амударёдан қанча сув олиши мумкинлигини маълум қилганди. Афғонистон Қўштепа канали орқали 600 минг гектар ерни суғормоқчи экани ҳақидаги гаплар эса асоссиз. Вазир Шавкат Хамраевнинг айтишича, «Толибон» тахминан 300 минг гектарни суғормоқчи, бунга 4−5 млрд куб метр сув етади. Ўзбекистон мана шу миқдор сақланиб қолишига интилади.