Амударёдан сув олувчи Қўштепа каналининг қурилиши бўйича «Толибон» томонидан олтита вариант тайёрланган бўлиб, Ўзбекистон уларнинг барини чуқур ўрганиб чиққан. Бу ҳақда Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев 20 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Вариантларнинг бирида 120 минг гектар ер ўз оқими билан [сув] ичиши кўрсатилган. Яна бирида 225 минг гектар [майдон кўрсатилган]. Кўп жойда (ижтимоий тармоқлар назарда тутилмоқда — таҳр.) ўқисангиз, 600 минг гектар ер тўғрисида гап боради. Ундай нарса йўқ — 600 минг гектар бўлмайди. Биз ўрганган вариантлар бўйича тахминан 225 минг гектар ўз оқими билан бўлиши мумкин — бу уларнинг каттароқ, учинчи варианти — ва яна 50 минг гектари насос билан суғорилади», — деди вазир. Шунда тахминан 300 минг гектарча суғориладиган ер ҳосил бўлади.

Шавкат Хамраевнинг таъкидлашича, Афғонистон томони қураётган канали орқали Амударёдан дастлаб 4−5 млрд куб метр сув олади.

«[Ижтимоий тармоқларда Афғонистон] унча сув оларкан, бунча сув оларкан, деган гаплар айтиляпти. 13 млрд деган рақам ҳам бўлди, 10 млрд деган рақам ҳам бўлди. Агар ўша [канал] 300 минг гектарни [суғорадиган бўлса], 12 млрд куб метр сув олади десак ҳам, бу ҳар бир гектарга 40 минг куб, дегани — 1 гектар ер 40 минг куб метр сув ичолмайди. Биз шоли экиб, сувни бостириб [суғорганимизда] ҳам 1 гектарга 30 минг куб метр сув кетади. Биринчидан, [Афғонистонда] юз фоиз шоли экилмайди. Иккинчидан, агар [Афғонистон] 5 йил биринчи даража ишларни қилса, бошқа экинлар, каналларнинг ўтказиш қобилияти ва бошқасидан келиб чиқиб, тахминан 4 миллиард куб метр атрофида сув олади. Кейинчалик, бора-бора бу миқдор 10 млрд куб бўлиши мумкин. Ўйлайманки, бизнинг вазифамиз мана шу 4−5 миллиард кубни олгину, шу билан 200 минг бўладими, 250 минг гектар бўладими, шуни суғориш имкониятинг бўлади, шунақа қилайлик, деган мулоқотларга аста-секин тайёрланиб бориш», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Амударёда ҳар йили тахминан 60 млрд куб метр сув шаклланяпти. Сув дастлаб Вахш ва Панж дарёларида, сўнгра Кофарниҳонда йиғилиб, бошқа ирмоқларнинг ҳам қўшилиши орқали Термизда Амударёга айланади.

«[Афғонистон] 4−5 млрд куб метр сув олса, Ўзбекистон сувсиз қолиб кетади-ку, деган масалага жавоб беришга ҳаракат қиламан. Айтганимдек, бугунги кунда Амударёда 60 млрд куб сув шаклланмоқда. Ҳозир ҳам шу 60 млрднинг 10 фоиз қисми кетяпти, Карки гидропостида Туркманистон 22 млрд, Ўзбекистон 22 млрд куб метр сув оляпти. Орол томонга ҳам 2−3 млрд куб сув ўтказяпмиз. Сув кам йилларда [бу кўрсаткич] яна ҳам пасаяди. Биз тўғри тушунишимиз керак, сув 10−20 фоизгача кам бўладиган йиллар бўлади. Бунда яна 10 фоиз сув кетиб қолади. [Сув] кам бўлган йилларда 30 фоизгача сувсиз қолишимиз мумкин», — деди вазир.

Шавкат Хамраевнинг алоҳида қайд этишича, Ўзбекистонда сувнинг беҳуда йўқотилиши даражаси юқори ва бу кўрсаткич 2030 йилга бориб бир йилда 15 млрд куб метрга етиши мумкин.

«Бугундан 15 млрд куб сувимиз йўқ деб ҳисоблаб, ҳаракатимизни қилишимиз керак. Ҳозир 40 фоиз сувни суғориш тармоқларида, 20 фоизни даланинг ўзида йўқотяпмиз. Баъзи жойларда шоли учун 30 минг куб сув кетяпти. Лекин 12 минг куб сув билан ҳам зўр ҳосил кўтараётганлар кўп. Айримлар 10 минг куб сув билан 30 центнер пахта олса, баъзилар 2,5 минг куб сув билан 70 центнер пахта етиштиряпти. Мана, сувни қаердан қидиришимиз керак! Сув масаласида Афғонистон билан ҳам, қўшни давлатлар билан ҳам дўстона муносабат қилишда давом этамиз, албатта. Кўп меъёрий ҳужжатлар ва бошқа ҳаракатларни қиляпмиз. Лекин ўзимизда ҳам катта захира турибди. Агар шу захира устида ишламайдиган бўлсак, Қўштепа канали қурилмаса ҳам, энергетика тармоғида қурилишлар бўлмаса ҳам, сувсиз қоламиз», — деди у.

Аввалроқ Хамраев Қўштепа канали қурилишида Ўзбекистон Афғонистонга ёрдам кўрсатиши, бу канал икки халқни уруштирадиган эмас, балки бирлаштирадиган дўстлик канали бўлишини таъкидлаганди. Шунингдек, у Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг яқин вақт ичида яна Афғонистонда бўлиб, канал масаласида ишчи гуруҳлар тузилишини айтганди.