30 апрель куни «2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони [ПФ-70-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Фармонга кўра, Ипотекани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. 2024 йил 1 майдан қуйидаги тартиблар ўрнатилади:

  • бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишда ипотека предметини суғурта хавфларидан суғурта қилиш талаби бекор қилинади;
  • кўп қаватли уй-жойларни қуриш ҳуқуқи «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги электрон рейтинг баҳоси «С» ва «СС» бўлган қурилиш ташкилотларига ҳам берилади. Бунда, электрон рейтинг баҳоси «С» бўлган ташкилотларга 5 қаватдан юқори бўлмаган, «СС» бўлган ташкилотларга — 9 қаватдан юқори бўлмаган уй-жойларни қуришга рухсат этилади;
  • 2025 йил 1 январгача белгиланган янги қурилиш ва махсус техникаларнинг импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади;
  • «Янги Ўзбекистон» массивларида кўп қаватли уй-жойлар қурилишида иштирок этадиган қурилиш ташкилотларининг айланма маблағларини тўлдириш учун бюджетдан 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилади;
  • қурилиш ташкилотларига Тошкент шаҳрида — 9 ва ундан юқори, бошқа шаҳарларда — 7 ва ундан юқори, қишлоқ жойларда — 5 ва ундан юқори қаватли уй-жойлар қуриш учун ажратилган миллий валютадаги кредитлар бўйича 24 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга «1+1» тамойили асосида ҳудудларнинг тоифасидан келиб чиқиб кафиллик ва компенсациялар тақдим этилади.

Фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан қурилиш ташкилотларига «яшил» уй-жой стандартлари талаблари асосида кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун Марказий банкнинг асосий ставкасидан бир фоиз бандга юқори ставкада кредитлар ажратилади.

2024 йил 1 октябргача «яшил» уй-жой стандартлари тасдиқланади. 2025 йил 1 апрелгача «яшил» уй-жой стандарти талаблари асосида қурилган уй-жойларни сотиб олиш учун жисмоний шахсларга «яшил» ипотека кредитларини ажратиш амалиёти йўлга қўйилади.