30 апрель куни «2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони [ПФ-70-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Фармонга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури (Дастур) доирасида, қуйидагилар амалга оширилади:
- ҳудудларда 100 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилади;
- қурилиш ташкилотларига бозор тамойиллари асосида ажратилган кредитлар бўйича компенсация ва кафилликлар тақдим этилади;
- кўп қаватли уй-жойлар қуриш жараёнларига «яшил» уй-жой стандартлари жорий қилинади;
- ипотека кредитларини молиялаштиришга камида 17 триллион сўм маблағ йўналтирилади;
- камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредитлари ажратилади;
- банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитларини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириш механизмларидан кенг фойдаланилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 июндан «маҳалла еттилиги» тавсияси асосида Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилади.
Бунда:
- ипотека кредитлари 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ажратилади;
- ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун — ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун — кредит муддатининг биринчи 5 йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.
Фармонга мувофиқ, дастур доирасида субсидиялар тўлашнинг амалдаги тартибига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилади:
- субсидиялар ажратиш юзасидан аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 2024 йилнинг 15 майидан 1 ноябрига қадар қабул қилинади;
- 2024 йилги Дастур доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — 12 фоиздан ошган қисмига, 2025 йил ва ундан кейинги йиллар Дастурлари доирасидаги кредитлар бўйича эса — Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошган қисмига тўланади;
- бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — 2024 йилги Дастурдан бошлаб қатъий белгиланган 30 миллион сўм миқдорида тўланади.
Аввалроқ, президент уй-жой қуриш учун қўшимча ерлар аукционга қўйилиши ҳақида топшириқ берганди.