2 май куни бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ва ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифа ўртасида учрашув бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда узоқ муддатли ҳамкорлик ва хусусий секторни давлат банкларини хусусийлаштириш жараёнига жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ипотека кредитларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалалари, жумладан, аҳоли учун уларнинг мавжудлиги ҳолатини яхшилаш ва Ўзбекистон ипотека кредитларини қайта молиялаштириш компанияси орқали инвестицияларни жалб этиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Йиғилиш доирасида Ўзбекистонда «Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш мақсадида 20 миллион доллар миқдоридаги битим имзоланди.

молия вазирлиги, опек, Давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалар

Таъкидланишича, лойиҳа хусусий секторга мактабгача таълим муассасаларини қуриш учун имтиёзли кредитлардан фойдаланиш имкониятларини тақдим этади. Бир қатор янги мактабгача таълим муассасалар қуриш ва модернизация қилиш, шу билан бирга, уларга болалар учун ўринлар сонини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

«Ушбу битим Ўзбекистонда нафақат мактабгача таълимни ривожлантиришга ёрдам беради, балки халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва мамлакатда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда муҳим қадамдир», — дейилади вазирлик хабарида.