Тошкент вилояти Зангиота туманида 29 апрель куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидаги ғалла ва чорвачилик учун мўлжалланган 260 гектар ерни 400 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

«Чирчиқ шағал саралаш» корхонасининг 39 ёшли директори 40 минг доллар бўнак олаётган вақтда қўлга олинди. Маълум қилинишича, у кадастр идораларида ишлайдиган танишлари орқали керакли ҳужжатларни расмийлаштиришга ваъда берган.

Гумонланувчига нисбатан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» (Жуда кўп миқдорда пора бериш) банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.