22 март куни Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди, деб хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Кобулда Ўзбекистон делегацияси Афғонистон бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдулғани Бародар, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи мулла Ёқуб Мужоҳид, муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари ва иқтисодий тузилмалар вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказган.

Музокаралар чоғида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Афғонистон ҳудуди орқали турли транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш, муҳим транспорт-энергетика лойиҳаларини амалга ошириш каби масалалар муҳокама қилинган. Хусусан, Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар темир йўлини қуриш, Сурхон-Пули-Хумри йўналиши бўйлаб электр тармоғини тортиш масалалари алоҳида кўриб чиқилган.

«Томонлар ишнинг амалий босқичига тезроқ ўтиш зарурлигини таъкидладилар ва икки томонлама кун тартибидаги барча масалалар бўйича конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар», — дейилади ТИВ хабарида.

Қайд этилишича, мулоқотлар чоғида аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш, қизларнинг Афғонистонда таълим олишини таъминлаш, шунингдек, Термиз шаҳридаги Таълим маркази негизида афғон кадрларини тайёрлаш зарурлиги таъкидланган. Учрашувлар доирасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, Афғонистон «Ўзбекистон билан ўзаро англашув асосида» Амударёдан Қўштепа канали қурилиши лойиҳасини амалга оширишга тайёрлигини билдирган. Бу ҳақда Мулла Абдулғани Бародар ўзининг Twitter`даги саҳифасида ёзиб қолдирган.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон «бошқа инфратузилма лойиҳалари қатори Қўштепа канали қурилиши лойиҳаси самарадорлигини ошириш учун [Афғонистоннинг] техник гуруҳлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган».

Абдулғани Барадар Афғонистоннинг «халқаро стандартларга мувофиқ, шунингдек, мамлакатнинг имтиёз ва ҳуқуқларини тўлиқ ҳисобга олган ҳолда» Амударёдан сув олиш ҳуқуқи мавжудлигини ҳам қайд этган.

абдулазиз камилов, афғонистон, ўзбекистон
Фото: twitter.com/FDPM_AFG

Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Абдулқаҳҳор Балхийнинг ёзишича, Абдулазиз Комилов ва Амирхон Муттақий ўртасидаги музокараларда «мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари ҳар томонлама муҳокама қилинган».

Абдулазиз Комиловнинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда, у Ўзбекистон Афғонистон билан қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида техник маслаҳатлар билан бўлишишга ва ўзаро товар айирбошлаш даражасини 1 миллиард долларга етказишга тайёрлигини билдирган.

Фото: twitter.com/QaharBalkhi

Афғонистон Мудофаа вазирлигининг Twitter саҳифасида хабар берилишича, музокараларда «чегара, хавфсизлик ва бошқа тегишли мавзулар» ҳам муҳокама қилинган.