Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Амударёдан бошланадиган Афғонистоннинг Қўштепа канали қурилишига оид фиклари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари минтақада сувдан фойдаланиш жараёнининг янги иштирокчиси пайдо бўлганини таъкидлади. Шу муносабат билан минтақа давлатларининг илмий-тадқиқот институтларини жалб қилган ҳолда Қўштепа канали қурилишининг барча жиҳатлари ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсирини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Март ойида Афғонистон «Ўзбекистон билан ўзаро англашув асосида» Қўштепа канали лойиҳасини амалга оширишга тайёрлигини билдирганди.

2023 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон сув вазири Қўштепа канали орқали Афғонистон Амударёдан қанча сув олиши мумкинлигини маълум қилганди. Афғонистон Қўштепа канали орқали 600 минг гектар ерни суғормоқчи экани ҳақидаги гаплар эса асоссиз. Вазир Шавкат Хамраевнинг айтишича, «Толибон» тахминан 300 минг гектарни суғормоқчи, бунга 4−5 млрд куб метр сув етади. Ўзбекистон мана шу миқдор сақланиб қолишига интилади.

«Ўйлайманки, бизнинг вазифамиз мана шу 4−5 миллиард кубни олгину, шу билан 200 минг бўладими, 250 минг гектар бўладими, шуни суғориш имкониятинг бўлади, шунақа қилайлик, деган мулоқотларга аста-секин тайёрланиб бориш», — деганди вазир.