28 март куни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди ижтимоий тармоқларда президент Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилган ва хорижга ноқонуний чиққан 27 ёшли йигитга нисбатан ҳукм чиқарди. «Газета.uz» суд қарорини ўрганди.

Қайд этилишича, Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Д.Т. 2023 йилнинг 4 декабрь куни Эрондан қайтгач Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (Президентни омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки интернетдан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) ва 223-моддаси 2-қисми «б» банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш) бўйича қўлга олинган. Биринчи моддада 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, иккинчисида эса 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган.

Иш материалларига кўра, 2016 йилнинг сентябрь ойида у ОВИР стикерини (2019 йил 1 январдан Ўзбекистон чет элга вақтинчалик чиқиш учун рухсатнома стикерлари беришни тўхтатган ва ўрнига хорижий паспортларни жорий қилган) олмасдан Эронга жўнаб кетган.

Бундан ташқари, суд қарорида таъкидланишича, судланувчи Facebook ижтимоий тармоғида президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 9 май куни Москвада бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида режалаштирилган иштироки ҳақидаги мақоладан кўчириб олинган экран тасвирини жойлаштириб, туҳматли изоҳ қолдирган.

У Muhammad Sanjar номли аккаунти орқали 21 июль куни Facebook`да президент Умра зиёратини адо этаётган пайтда тушган суратни жойлаштириб, экспертлар томонидан ҳақорат мазмунидаги ахборот деб топилган изоҳ билан жойлаштирган.

Судланувчи 158-модданинг 3-қисмида назарда тутилган айбига қисман иқрор бўлган, бироқ бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, чет элга ноқонуний чиқиш айбловига рози бўлмаган. Унинг сўзларига кўра, Тошкент ахборот технологиялари университетида имтиҳондан ўта олмагани учун Эрондаги олий ўқув юртига ўқишга кириш учун мустақил равишда хорижга кетган. Эронда 4 йил таҳсил олиб, Al mustafo халқаро университетининг дипломини олган.

2022 йилда Д.Т. қидирувга берилганини билиб, 2023 йил 3 декабрь куни Теҳрон шаҳридан Тошкентга учиб келган. Эркак ҳеч қандай диний ташкилотга аъзо эмаслигини таъкидлаган.

Иш материалларида блогерлар Олимжон Ҳайдаров ва Абдуқодир Мўминовларнинг ҳибсга олиниши ва суд жараёни билан боғлиқ бошқа изоҳлар ҳам бор.

Суд Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми «б» бандидан Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисмига қайта малакалади. Фуқарони Жиноят кодексининг юқоридаги моддаси ва 158-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Унинг Redmi Note 11 телефони давлат фойдасига мусодара қилинди.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида суд Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи 19 ёшли йигитни Instagram`да Шавкат Мирзиёевга нисбатан ҳақоратли фикр ёзгани учун 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилганди. Судья, шунингдек, судланувчининг ушбу ижтимоий тармоқдаги аккаунтини блоклашга қарор қилган. Ўшанда «Газета.uz» мазкур модда бўйича 10 га яқин суд қарорини ўрганиб чиққан ва бу кўп ойлардан буён президентни ҳақорат қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилган биринчи суд қарори эканини аниқлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил март ойида Жиноят кодекси телекоммуникация тармоқлари ёки интернетдан фойдаланган ҳолда президентни оммавий ҳақоратлаш ёки туҳмат қилиш учун жавобгарликни белгиловчи модда билан тўлдирилган.