Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш ядровий таҳдид даражаси ортиб бораётганидан хавотир билдирди ва жаҳон ҳамжамиятини ядровий қуролсизланишга чақирди. Унинг 26 сентябрда нишонланадиган Халқаро ядро қуролини бутунлай йўқ қилиш куни муносабати билан қилган баёноти БМТ сайтида эълон қилинган.

«Геосиёсий ишончсизлик ва рақобат туфайли ядровий хавф совуқ урушдан бери кузатилмаган даражага кўтарилди. Айни пайтда ядро қуролини қўллаш, тарқатиш ва синовдан ўтказишнинг олдини олиш борасида ўнлаб йиллар давомида катта қийинчилик билан эришилган ютуқлар барбод бўлмоқда», — деди БМТ раҳбари.

У ядровий қуролсизланиш ва уни тарқатмаслик режимини кучайтиришга чақирди. «Бу Ядровий синовларни тўлиқ таъқиқлаш тўғрисидаги шартномани ҳали ратификация қилмаган барча давлатлар буни кечиктирмасдан амалга ошириши, ядровий қуролга эга давлатлар эса барча ядровий синовларга мораторий жорий этилишини таъминлаши кераклигини англатади», — дея таъкидлади Гутерриш.

БМТ раҳбарининг сўзларига кўра, давлатлар «мулоқотни юмшатиш ва ядровий таҳдидни тугатиш учун мулоқот, дипломатия ва музокараларнинг эскирмайдиган воситаларидан» фойдаланиши керак.

«Ядровий хавфни бартараф этишнинг ягона йўли ядровий қуролни йўқ қилишдир», деб қўшимча қилди Гутерриш.

БМТ бош котиби ядровий қуролсизланишга биринчи марта чақираётгани йўқ. У аввалроқ ядро қуролини йўқ қилиш БМТнинг қуролсизланишдаги «биринчи устувор йўналиши» эканини маълум қилган, шунингдек, «ядровий шантаж даври»ни ўтмишда қолдириш кераклигини таъкидлаган эди.

Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) маълумотларига кўра, дунёда ядро қуролидан фойдаланиш хавфи совуқ уруш давридан бери энг юқори даражага етган. Мутахассисларнинг фикрича, барча тўққиз ядровий давлат (АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Корея) ядро арсеналларини модернизация қилмоқда ва яқин ўн йил ичида жанговар каллаклар сонини кўпайтириш ниятида.