2024 йил баҳоридан Қирғизистон кинотеатрларида намойиш этилаётган барча хорижий фильмлар қирғиз тилидаги субтитрлар билан бирга намойиш этилади. Бу ҳақда «Кыргызтасмасы» давлат киномаркази хабар берди.

Регуляторнинг маълум қилишича, бу борада Қирғизистондаги хорижий фильмларнинг энг йирик дистрибюторлари билан келишувга эришилган.

«Кыргызтасмасы» директори Талантбек Толобеков чет эл фильмларини субтитр билан беришни уларни қирғиз тилига дубляж қилиш масаласидаги «биринчи қадам» деб атади.

«Бу биринчи босқичда энг мақбул вариант, чунки дубляж ва синхрон овозли таржима катта бюджетларни талаб қилади», — деди у.

Июль ойида Қирғизистонда қирғиз тилининг мақомини мустаҳкамловчи давлат тили ҳақидаги янгиланган қонун кучга кирди. Унга кўра, таълим, фан, маданият, оммавий ахборот воситалари, ҳужжат айланиши ҳамда бошқа соҳа ва йўналишларда қирғиз тилидан фойдаланиш мажбурий бўлди. Қонун шунингдек, барча давлат хизматчиларига қирғиз тилини билиш мажбуриятини юклади.