Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда ОТМга ўқишга киритиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди, дея хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.

Қўқон шаҳридаги банклардан бирининг мутахассиси мансабдор танишлари ёрдамида бир фуқарони Қўқон давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг доллар олган вақтида ушланган.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида у пул маблағини мазкур ОТМда декан лавозимида ишловчи шахсга бериши кераклиги аниқланган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, декан ҳам пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фарғона шаҳрида муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган, хусусий университет директорининг ўринбосари фуқаронинг Ўш давлат педагогика университетидаги ўқишини Чирчиқ давлат педагогика институтига кўчириб бериш эвазига 2,5 минг доллар олган вақтида ушланган.

Хоразм вилояти Урганч туманида яшовчи 26 ёшли шахс мансабдор танишлари ёрдамида фуқарони Урганч давлат университетининг бошланғич таълим йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3,5 минг доллар олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.