Энергоресурслар нархини либераллаштириш таъсири 2023 йил учун инфляция прогнозига ҳисобга олинган. Бу ҳақда 27 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, электр энергияси ва газ нархининг 20−25 фоизгача ошиши 2023 йил охирига қадар инфляция 8,5−9,5 фоиз коридорда шаклланиши бўйича прогнозда ҳисобга олинган.

«Электр ва газ учун тарифлардан ташқари, улар билан боғлиқ бошқа ўнлаб тартибга солинадиган нархлар мавжуд — иссиқ сув, совуқ сув ва бошқалар. Куни кеча [ҳудудларда] совуқ сув нархи ошиши ҳақида маълумот пайдо бўлди. Агар барча 14 та ҳудудда сув нархи 100 фоизга ошса ҳам, бу умумий инфляция даражасига 0,3 фоизгача таъсир қилиши мумкин», — дея тушунтирди у.

Беҳзод Ҳамроевнинг таъкидлашича, прогнозда бу истеъмол нархларининг умумий даражасига 0,3−0,5 фоиз таъсири қилиши назарда тутилган. Агар ўсиш белгиланган параметрлардан юқори бўлса, инфляция прогнози қайта кўриб чиқилади.

Май ойида энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Ахмедхаджаев сентябргача энергетикани ривожлантириш бўйича янги дастур тақдим этилишини, у газ ва электр энергияси нархларини либераллаштириш ҳамда ижтимоий истеъмол нормаларини жорий этишни ўз ичига олганини маълум қилганди.

Энергия бозорини либераллаштиришга уриниш

Ўзбекистонда газ ва электр энергиясига тарифлар охирги марта 2019 йил август ойида оширилганди. Энергоресурслар нархларини либераллаштириш ва энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бир неча бор кейинга қолдирилди.

Ҳукумат 2020 йилнинг февраль-март ойларида электр энергияси ва газ тарифларини оширишни режалаштирганди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли буни кейинга қолдирди. 2020 йил октябрь ойида «Ҳудудий электр тармоқлари» раиси Улуғбек Мустафоев президент томонидан 2021−2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик вазифаси қўйилгани ҳақида хабар берганди.

2022 йилнинг май ойида Ўзбекистонда 7,3 миллион электр энергияси абоненти борлигини, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт соатгача электр энергияси истеъмол қилиши маълум қилинганди. Бу уй хўжаликлари ҳиссасига аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган умумий электр энергиянинг атиги 31 фоизи (5,7 миллиард кВт соат) тўғри келади.

4 миллион газ абонентининг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача газ истеъмол қилади. Шу билан бирга, уларнинг ишлатаётган гази улуши аҳоли умумий истеъмолининг атиги 35 фоизини (4,5 миллиард куб метр) ташкил қилади.

Кўп ресурсдан фойдаланаётганлар давлат субсидияларининг катта қисмини олаётгани туфайли ҳукумат 2022 йил 15 июлдан энергоресурслар истеъмолига ижтимоий нормани ва лимитларни жорий қилишни режалаштирганди, бироқ кейинчалик бу қарор кейинга қолдирди.

Ўтган йил охирида президент аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаган ҳолда энергия ресурсларининг бозор нархларига ўтиш зарурлигини таъкидлаганди.

Февраль ойида Марказий банк раҳбари ўринбосари Беҳзод Ҳамроев май ойида электр энергияси ва газ нархларининг либераллаштирилиши кутилаётганини маълум қилганди. Март ойи охирида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов 2023 йилда энергия ресурслари учун тарифларни ошириш режалаштирилмаётганини, бироқ бу масала муҳокама қилинаётганини айтди.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги амалдаги нарх сиёсати камбағалларнинг камбағаллашишига, бойларнинг бойиб кетишига олиб келмоқда. Энергетика компанияларига бозор шакллантирмаган нархларни қўллаб-қувватлаш учун берилган миллиардлаб долларлик субсидиялар кўпроқ бойларнинг фойдасига ишлайди, дейди у.

Бундан ташқари, паст тарифлар туфайли энергетика компаниялари кўп миллиард долларлик зарар кўради.