Андижон вилоятида яшовчи 30 ёшли шахс Суриядаги террористик ташкилотга аъзо бўлишга уринишда айбланиб, 8 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар бермоқда ДХХ.

Таъкидланишича, И.У. 2021−2022 йилларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ишлаган даврида Суриядаги террористик ташкилот ёлловчиларининг таъсирига тушиб, уларнинг сафига бориб қўшилишни режа қилган.

Шу мақсадда бир неча бор Сурияга ўтишга уринган, лекин ўтолмаган. Навбатдаги уриниш вақтида у ҳарбийлар томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган.

Мазкур шахс доимий яшаш манзилига қайтиб келганидан кейин ҳам ижтимоий тармоқлар орқали террористик ташкилот аъзолари билан алоқада бўлади, — дейилади маълумотда.

ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси томонидан И.У.нинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳри суди ҳукмига кўра, И.У. Жиноят кодексининг 155−2 (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) ва 244−2- (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддалари билан айбдор деб топилиб, 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.