«Вақф» хайрия жамоат фонди 2023 йилнинг дастлабки 6 ой давомида 16 659 713 130 сўмдан зиёд маблағни хайрия сифатида сарфлади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда фонд ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров маълум қилди.

Фонд томонидан хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва акциялар орқали келиб тушган маблағлар ҳамда ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган моддий кўринишдаги эҳсонлар қуйидагича сарфланган:

  • Диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш мақсадида «Қуръон ва тажвидни ўргатиш» ўқув курслари дарс хоналарига 11 дона смарт доска учун — 187 миллион сўм;
  • Диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда техник ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун — 2 393 163 130 сўм;
  • Диний таълим муассасаларида таҳсил олаётган 141 нафар талабаларини моддий қўллаб-қувватлаш ва тўлов-шартномалари учун — 745 635 000 сўм;
  • Масжидлар ва зиёратгоҳларнинг ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун — 130 миллион сўм;
  • Юртимизда фаолият олиб бораётган 2119 нафар имом-хатибларнинг ҳар бирига бир марталик 5 миллион сўмдан жами 10 595 миллион сўм, 192 нафар отинойларнинг ҳар бирига 3 000 000 сўмдан жами 576 миллион сўм;
  • Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш учун — 1 195 915 000 сўм, шундан имконияти чекланган, ногиронлиги бор бўлган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш учун — 407,9 миллион сўм;
  • Турли хайрия тадбирлари учун — 216 миллион сўм;
  • Вилоят вакилликларининг маъмурий ҳаражатлари учун берилган моддий ёрдам — 70 миллион сўм миқдоридаги маблағлар сарфланди.

Бундан ташқари, «Қурбон ҳайити — 2023» тадбири доирасида 471 миллион сўм қийматидаги гўшт ва Саудия Арабистони томонидан тақдим этилган 25 тонна ҳурмолар байрам совғаси сифатида ҳақдорларга етказилди.

Шунингдек ўтган 6 ой давомида мамлакатмизнинг ичимлик суви танқис бўлган турли ҳудудларидаги аҳолини тоза ичимлик билан таъминлаш мақсадида «Вақф сувлари» лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги қудуқ учун 80 миллион сўм фонд ҳисобидан сарфланган бўлса, ҳомийларни жалб қилган ҳолда 3 та артезиан қудуғи қазиб ишга туширилди. Яна 3 та ҳудудда қазиш ишлари амалга оширилмоқда.