Milliy TV телеканалининг чоршанба кунги «Миллар» кўрсатувида 12 июль куни Тошкентдаги 4-сонли автбус саройида юз берган муштлашув ҳақида маълумот берилди.

Автобус ҳайдовчисининг рафиқаси К. Ш. турмуш ўртоғи автопаркка шиппакда келгани учун калтакланганини маълум қилди.

«Ҳозир аҳволи оғир, касалхонада ётибдилар. Операция қилишди… Ҳатто итган ҳам бунақа муомалада бўлинмайди. Хўп, ёқмаса, гараждан бўшатиб юборишсин. Ҳозир бошини кўтаролмаяпти, аҳволи жуда оғир. Уч фарзанд билан кейин нима қиламан?» — деди аёл.

Унинг сўзларига кўра, эрининг бурни, юз суяклари синган, мияси чайқалган ва бу унинг бир ой давомида ишлашига тўсқинлик қилади.

Автопарк юристи Рустам Норбоевнинг айтишича, ҳайдовчи ўша куни корхонага шиппак, шортик ва футболкада «ички тартиб қоидаларини бузган ҳолда» келган.

«Техника ва ишлаб чиқариш муҳандиси уни профилактик суҳбат учун хонасига чақирган. Суҳбат жараёнида ҳайдовчи ва мутасадди ходим ўртасида ўзаро келишмовчилик туфайли жанжал келиб чиқди», — деди у.

Автопарк вакилининг таъкидлашича, улар кейинчалик инженер машинасида иншоотни тарк этишган. «Корхона ҳудудидан ташқарида нима ҳолат бўлгани бизга номаълум. Аммо муайян вақт ўтганидан кейин улар қайтиб келади ҳамда ҳайдовчимизнинг акаси ва уларнинг бир нечта танишлари ҳамда бир нечта оғайнилари, жами тўрт ёки беш киши маст ҳолатда корхонага келиб, муҳандисимизни ҳақоратлаб, сўкиб, уриш бошланиб кетади. Ходимларимиз жароҳат олди», — дейди Рустам Норбоев.

Муҳандис ўзи ҳам жароҳат олганини айтди, бироқ телеканалга интервью беришдан бош тортди.

Тошкент шаҳар ИИББ Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилаётгани, тан жароҳатларининг оғирлигини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинлангани ҳақида хабар берди.

Пойтахтдаги автобус паркларига раҳбарлик қилувчи «Тошшаҳартрансхизмат» корхонаси автопаркнинг техник-ишлаб чиқариш муҳандиси A.K. ҳайдовчини шу куни профилактик суҳбат ўтказиш учун ўз кабинетига таклиф қилганини тасдиқлади. Хабарда айтилишича, муҳандис бир неча бор ҳайдовчидан ҳудудни тарк этишни сўраган, шундан сўнг у чиқиб кетган.

«Аммо маълум бир вақт ўтгач ҳайдовчи Қ. Ш. ўзининг 5 нафар яқини (акаси ва дўстлари) билан корхона ҳудудига келиб, корхона техника ва ишлаб чиқариш бўйича мухандиси А. Қ.га нисбатан эътироз билдириб жанжаллашиб кетишган», — дейилади хабарда.

«Можаро натижасида ҳайдовчи, унинг укаси ва муҳандис жабрланган», — дейилади компания хабарида.