«Ўзбекнефтгаз» компанияси айрим UNG Petro ёқилғи қуйиш шохобчаларида Аи-92 бензинини етказиб беришда узилишлар бўлаётганига изоҳ берди.

Компания маълумотларига кўра, ҳаво ҳарорати кескин ошиши сабабли бензин етказиб бериш тунги вақтда амалга оширилмоқда. Шунинг учун 17−18 июль кунлари айрим ёқилғи қуйиш шохобчаларига ёқилғи етказиб беришда «техник узилишлар» юзага келган.

«Ҳозирда амалга оширилган тезкор чоралар натижасида муаммо бартараф этилди ва барча АЁҚШларга Аи-92 маркали бензин режа асосида етказиб берилмоқда», — дейилади хабарда.

Шунингдек, компания «Ўзбекнефтгаз»га қарашли АЁҚШларда кўрсатилаётган хизмат сифатидан норози бўлган истеъмолчилар UNG PETRO`нинг ишонч рақамига (71 200−01−2) мурожаат этишлари мумкинлигини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, бунгача ҳам маълум соатларда UNG Petro ёқилғи қуйиш шохобчаларида Аи-92 бензини бўлмаcлиги кузатилаётганди.