2023 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон аҳолиси узоқ вақт давомида жазира иссиқни бошдан кечирди. Ўзгидрометнинг жаҳон прогноз марказлари ҳисоб-китобларига таяниб хабар беришича, июль ойи жуда иссиқ бўлмаслиги кутилмоқда.

Ҳудуднинг катта қисмида ўртача ойлик ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда ва фақат шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда меъёрдан 1−1,5 даражага юқори бўлади.

Ўзбекистон ҳудудида Эрон ҳудудларидан яна иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига июль ойи иссиқ об-ҳаво билан бошланади. 1−3 июль кунлари ҳаво ҳароратининг қийматлари +37…+40 даражага, чўл ҳудудларда ва республиканинг жанубида +41…+43 даражага етади.

Лекин июль ойи биринчи ўн кунлигининг ўрталарига келиб, ҳарорат 3−5 даражага пасайиши кутилмоқда. Кейинчалик ойнинг охиригача ҳаво ҳарорати кечалари +20…+25 даража атрофида, баъзи жойларда 27 даражагача, кундуз кунлари +33…+38 даражагача, айрим кунларда 39…+41 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +42…+45 даражагача бўлади.

Республика бўйича баъзи жойларда, асосан, тоғолди ва тоғли ҳудудларда айрим кунларда маҳаллий қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.

Июли энг иссиқ бўлган йиллар

Ўзбекистонда июль ойининг ўртача максимал ҳарорати (ёки иқлим меъёри) +35…+37 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда +38…+40 даражани ташкил этади. Ҳар йили июль ойида кучли иссиқ даврлар кузатилади, бунда ҳаво ҳарорати +39…+41 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +43…+45 даражагача кўтарилади, энг иссиқ йилларда эса ундан ҳам юқори бўлади.

Сўнгги 8 йил ичида Ўзбекистонда барча июль ойлари иқлим меъёридан иссиқроқ бўлди ва метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ўнталикка кирди. Ўзбекистонда 2019 йилнинг июль ойи энг иссиқ бўлиб, унинг ўртача ҳарорати меъёрдан 2−4 даражага юқори бўлди.

2018 йил ва 2021 йилларнинг июль ойлари 2019 йил июль ойининг ҳарорат фони бўйича яқин бўлди. Шу йилларда максимал ҳаво ҳарорати +40…+43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +44…+45 даражагача кўтарилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий вилоятларида баъзи жойларда ҳаво ҳароратининг (+46…+48 даража) тарихий максимуми қайд этилди.

Республиканинг қолган ҳудудларида максимал ҳароратнинг мутлақ рекордлари бошқа йилларда ўрнатилди. Шундай қилиб, Тошкентда ҳаво ҳарорати 44,6 даражани ташкил этган рекорд ҳали ҳам сақланиб турибди, у 25 йил олдин — 1997 йил июль ойида қайд этилган.

2023 йил июнь ойида Ўзбекистон аҳолиси узоқ вақт давомида жуда иссиқ об-ҳавони кузатди. Иссиқ деярли ойнинг бошидан бошланди ва иккинчи ўн кунликнинг охиригача давом этди.

Июнь ойининг охирги ўн кунлиги ўрталарида иссиқ сезиларли даражада заифлашди ва ҳаво ҳарорати қисқа даврга иқлим меъёридан пастга тушди. Ойнинг охирига келиб, ҳаво ҳарорати яна кўтарила бошлади.