21 июнь куни Навоий шаҳри ҳокими Муратхан Эгамқулов Юсуф Турсуновни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинлади, олдин ҳам бу лавозимда ишлаган Турсунов маблағларни талон-торож қилишда айбланиб, лавозимидан озод этилганди.

2021 йилда суд қарори билан Юсуф Турсунов 1 миллиард 53 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланиб, масъул лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилган.

Ҳоким қарорига кўра, собиқ раҳбар ушбу лавозимга 3 ой синов муддати билан қайта тайинланган.

Интернет нашрлар мазкур ҳужжатга эътибор қаратганидан сўнг 22 июнь куни Навоий вилояти ҳокимлиги Навоий шаҳар ҳокимининг янги қарори билан Юсуф Турсунов лавозимидан озод этилганини маълум қилди.

«Ҳолат юзасидан Навоий вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан хизмат ўрганиши ўтказилди. Ўрганиш натижасида кадрларни раҳбарлик лавозимига тайинлашда йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий чора қўлланиши белгиланди», — дейилади хабарда.

Шаҳар ҳокимининг янги қарорида Юсуф Турсунов «ўз хоҳишига кўра» ишдан олингани айтилган.

Иш тафсилотларини бу ерда ўқиш мумкин.