Навоий шаҳри ободонлаштириш бошқармасининг собиқ бошлиғи Юсуф Турсунов 1 млрд 53 млн сўм бюджет маблағини талон-торож қилгани учун 2021 йилда суд ҳукми билан мансабдор бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилганди. Шаҳар ҳокими Муратхан Эгамқуловнинг 21 июндаги қарори билан Турсунов эски лавозимига қайтди.

Ҳужжатда унинг Навоий шаҳри ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига 3 ой синов муддати билан тайинлангани акс этган.

Турсунов иши

Kun.uz нашрининг ёзишича, суд ҳукмига кўра, Юсуф Турсунов 2019 йилда бошқарма бош ҳисобчиси У.Хафизов, Paradise System Servise МЧЖ мансабдор шахслари билан 690 дона кўча чироғини сотиб олиш учун (ҳар бирини 1 млн 204 минг сўмдан) жами 997 миллион 50 минг сўм маблағни жамият ҳисоб рақамига кўчирган.

Экспертиза хулосасига асосан, мазкур турдаги чироқнинг бир донаси 384 минг сўм бўлган. Шу тариқа кўчирилган пулнинг 264 млн 960 минг сўмига 690 дона чироқ олинган, 732 миллион сўми эса талон-торож қилинган.

Юсуф Турсунов бу ҳаракатларини давом эттириб, бошқарма бош ҳисобчиси У.Хафизов, Immortal Grand Savdo Service МЧЖ мансабдор шахслари билан яна шу ишни такрорлаган. Бу сафар ҳар бири 384 минг сўм бўлган 700 дона Slatek LED Street Light-200W кўча чироғи 650 минг сўмдан ҳамда ҳар бирининг донаси 272,2 минг сўм бўлган 650 дона Energomax EMX-0103/150W кўча чироғи 480 минг сўмдан сотиб олинган. Талон-торож қилинган сумма эса 321 миллион 220 минг сўмни ташкил этган.

Навоий шаҳри ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Юсуф Турсунов жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг 2021 йил 4 мартдаги ҳукмига асосан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди билан айбли деб топилган.

ЖКнинг 45-моддаси қўлланган ҳолда 1 йил 6 ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилган.

Вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 18 августдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмига қисман ўзгартириш киритилиб, Юсуф Турсуновга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси муддати 3 йилдан 2 йил 7 ойга қисқартирганди. Унга тайинланган мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо ўзгаришсиз, ўз кучида қолган.

Суднинг Юсуф Турсуновни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукми 2021 йил 18 август куни кучга кирган. Аммо у ўзи 2018 йилдан буён эгаллаб келган лавозимида қолган.

Kun.uz билан гаплашган Навоий шаҳри ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Жасур Аслонов Турсуновнинг лавозимидан олинмаганини унинг Олий судга кассация тартибида шикоят киритгани билан асослаган.

Кейинроқ вилоят прокуратураси Навоий шаҳри ҳокими номига шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ю.Турсуновни лавозимидан озод қилиш ҳақида хат тайёрланиб, почта тармоғи орқали юборилмасдан Ю.Турсунов орқали бериб юборилгани сабабли хат ижро учун шаҳар ҳокимлигига ўз вақтида етиб бормаганини, Ю.Турсунов билан тузилган меҳнат шартномаси 18 октябрдан бекор қилинганини билдирган.

Бу орада Турсунов 2021 йилнинг 31 август куни Навоий шаҳри ҳокими Муҳиддин Бозоровнинг фармойишига асосан, мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан ойлик маошининг 1 баробари миқдорида рағбатлантирилган.

юсуф турсунов