21 июнь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қозоғистон ва Россия билан фуқароларнинг шахсий маълумотларини алмашиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади, деб ёзмоқда Kloop давлат раҳбари матбуот хизматига таяниб.

Ҳужжатга кўра, давлатлар бир-бирларига қуйидагилар бўйича маълумотларни тақдим этади:

  • фуқаролик мавжудлиги;
  • яшаш жойида рўйхатдан ўтишнинг мавжудлиги;
  • фуқаронинг кўчмас мулки;
  • фуқаронинг мулкий мажбуриятлари;
  • фуқарони жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш;
  • шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар.

Президент администрациясининг аниқлик киритишича, келишув Қирғизистон томони барча ички тартиб-қоидалар бажарилганидан кейингина кучга киради.

Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия 2020 йил декабрь ойида шахсий маълумотлар алмашинуви соҳасида маъмурий масалаларда ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни имзолаганди. Қозоғистон ва Россия аллақачон ҳужжатни ратификация қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон МДҲ давлатларида қидирувга берилган шахсларни таниб олиш тизимини ишга туширгани хабар қилинганди. Июнь ойи бошидан буён мамлакатда ўнлаб фуқаролар, жумладан, Россия ва Ўзбекистондан келган тўрт нафар хорижлик ҳибсга олинган.