1 июлдан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилади. Бу президентнинг aҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича қарорида келтириб ўтилган.

Ушбу марказ ихтисслаштирилган психиатрик, тиббий-психологик ва наркологик ёрдам кўрсатишни йўлга қўяди, ушбу йўналишларда юқори технологик моддий база ва илмий мактабни шакллантиради.

Руҳий саломатликни таъминлаш йўналишидаги ишларни соғлиқни сақлашнинг барча даражаларида мувофиқлаштиради ва назорат қилади.

Ҳудудлардаги руҳий ва наркология касалликлари шифохоналари ва диспансерлари Марказнинг ҳудудий ташкилий-методик бўлинмалари ҳисобланади.

Марказ, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари тиббиёт олий, профессионал ва ўрта махсус таълим муассасаларининг тегишли кафедралари учун асосий клиник база сифатида фаолият юритади.

Маълумот учун, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази 2019 йил октябрь ойида ташкил этилган.

Президент қарорида, шунингдек, 2023 йил 1 августдан бошлаб:

  • туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказининг туман (шаҳар) бўлинмалари штатларини қисқартириш ҳисобидан — тиббий психолог;
  • стационар ўринга эга бўлмаган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва таркибида диспансер мавжуд бўлган руҳий касалликлар шифохоналарида — суицидолог;
  • стационар ўринга эга бўлган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва руҳий касалликлар шифохоналарида — амалдаги штатлар доирасида қабул бўлими шифокори, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари жорий этилади.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида маст ҳолатда бўлган шахсларга камида 10 ўринли тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил этилиши хабар қилинганди. Шунингдек, ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинганларни мажбурий даволашга юбориш ҳуқуқи берилган.