Тошкентда 61 ёшли АҚШ фуқароси Максим Пенсон ҳимоя ордери талабларини бузганлиги ва безорилиги сабаб жаримага тортилди. Суд 2023 йил 9 июнь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Nemolchi.uz лойиҳаси хабар берди.

Ўзбекистон Олий суди ахборот хизматининг «Газета.uz»га тақдим этган суд қарорида ёзилишича, 2023 йил 27 май куни тахминан соат 12:00 ларда Тошкентда жойлашган Самарқанд дарвоза савдо мажмуасидаги дўконларнинг бирида АҚШ фуқароси бўлган Максим Пенсон шаърий турмуш ўртоғи С.Разаковани турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, қўлидаги пакетларни унга отиб, жанжаллашган. Максим Пенсон ҳимоя ордери талабларини бажармасдан, аёлига нисбатан зўравонлик қилиб, тазйиқ ўтказган.

Суд мажлисида ҳар икки томон сўроқ қилинган. Ҳуқуқбузар Максим Пенсон турмуш ўртоғи С.Разакова билан жанжаллашгани, қилмишидан пушаймонлигини айтиб, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришини сўраган. Жабрланувчи сифатида сўроқ қилинган С.Разакова эса ўз кўрсатувида турмуш ўртоғи Максим Пенсон ҳимоя ордери талабларини бажармай, унга тазйиқ ва зўравонлик ўтказгани, ҳар хил сўзлар билан ҳақорат қилгани, қўлидаги пакетларни унга отиб жанжал кўтарганини айтган. Суддан Максим Пенсонга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Суд Максим Пенсоннинг ёши, оилавий ва моддий аҳволини инобатга олиб, унга нисбатан жарима жазоси тайинлашни лозим деб топган:

  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича 990 минг сўм;
  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206−1-моддаси бўйича (безорилик ва (ёки) зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик) — 330 минг сўм.

Суд томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир нечта ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) билан айбланувчига иккита ҳуқуқбузарлик учун жами 990 минг сўм миқдорида жарима солинган.

«Қарордан норози томонлар суд қарорининг нусхаси топширилган ёки олинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида Тошкент шаҳар судига шикоят бериши ёки протест келтиришлари мумкин», — дейилади суд қарорида.