Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги нотурар жойда хандақ қазилиши оқибатида қўшни уй қулаб тушганди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га.

Қайд этилишича, 15 май куни фуқаро Ҳ.М. туман ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, унда туманнинг Самарқанд маҳалласи Самарқанд кўчаси 28-уйи билан бир девор қўшниси Т.Б. ҳовлисида дўкон қуриш учун чуқур (катлован) қазилганини, ўзи ва маҳалла раиси қурувчиларга қазишни тўхтатишини, акс ҳолда, яшаш уйи қулаб тушишини бир неча бор айтиб келганини билдирган.

Бироқ, шунга қарамасдан, катлован ковлашни давом эттириши оқибатида 14 май куни соат 19:45 атрофида яшаш ҳонадони қулаб тушиб, унга 300 минг доллар миқдорида моддий зарар етказилганини баён қилган ва қўшнисига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, 2024 йил 20 январда вазирликнинг туман бўлими томонидан Самарқанд маҳалласи Самарқанд кўчаси 26-уйда яшовчи фуқарога хонадонини реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудидан қўшимча бино ва иншоотларни қуришга рухсатнома берилган.

нотурар жой, самарқанд, қулаб тушди

Ҳужжатга асосан, вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси томонидан 2 февралда архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган. Mezana proyekt МЧЖ ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжати бошқарманинг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 4 мартдаги хулосаси билан келишиб берилган.

Компания ишлаб чиққан лойиҳа ҳужжати «Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш» республика маркази Самарқанд вилояти филиали томонидан кўриб чиқилиб, 26 мартда экспертиза хулосаси олинган. Сўнгра вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан объектда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтказилган.

Ўрганиш жараёнида фуқаро ўзбошимчалик билан компания томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларига амал қилмасдан, пойдевор қуйиш учун ер қазиш ишларини олиб боргани сабабли қўшни хонадон пойдевори остидаги тупроқнинг чўкиши сабаблм турар жойнинг бир қисми қулаб тушгани аниқланди, дейилади вазирлик хабарида.

Тўпланган ҳужжатлар юзасидан Пастдарғом тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 15 май куни Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми «в» банди (Мулкни кўп миқдорда зарар етказган ҳолда қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, судда ушбу айблов ўз исботини топса, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 бараваридан 100 бараваригача миқдорда (23,8 млн сўмдан 34 млн сўмгача) жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.