Реҳина Мария Кастижио Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари сифатида ўз вазифасини бажаришга киришди. Бу ҳақда ваколатхона матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Ушбу лавозимга тайинланишдан аввал Кастижио ЮНИСEФнинг Хорватия ва Парагвайдаги ваколатхоналари раҳбари лавозимларида ишлаган.

2016 йилда ЮНИСEФда меҳнат фаолиятини бошлашдан олдин Боливия, Эквадор ва Перудаги ЮНЭЙДС (БМТнинг ОИВ /ОИТС бўйича қўшма дастури) директори, Швейцарияда ЮНЭЙДС хусусий сектор билан ҳамкорлик бўлими раҳбари ва БМТ бош котиби Кофи Аннан Ижроия аппаратида Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича масъул ходими бўлган.

Реҳина Мария Кастижио АҚШнинг Вашингтон штатидаги Ғарбий Вашингтон университетида иқтисод ва халқаро муносабатлар бўйича таҳсил олган, АҚШнинг Индиана штатидаги Нотр-Дам университетида давлат бошқаруви ва халқаро муносабатлар бўйича магистрлик даражасига эга.

Маълумот учун, ЮНИСEФданинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг аввалги раҳбари Мунир Маммадзода эди. Мамлакатдаги миссиясини якунлашидан олдин «Газета.uz» у билан суҳбатлашган.