13 июнга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина ҳудудини яна ўққа тутди, ракеталардан бири Кривой Рогдаги беш қаватли турар жой биносига келиб тушди, деб хабар берди Днепропетровск вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Лисак.

Дастлабки маълумотларга кўра, камида 6 киши ҳалок бўлган, яна 25 киши яраланган. Улардан 19 нафари шифохонада қолмоқда. Ҳодиса оқибатида биринчи қаватдан бешинчи қаватгача бўлган хонадонлар ёниб кетган, ёнғин 700 квадрат метр майдонни қамраб олган.

«Уч нафар жабрланувчи касалхонага ётқизилган. Вайроналар остида одамлар бўлиши мумкин. Қутқарувчилар уларни қидирмоқда», — деб ёзади Лисак.

Яна бир ҳудудда 4 киши жабрланган, у ерда бино ва автомобиль ёниб кетган. Украина Қуролли кучлари бош штаби Россия бир кечада Украинага қарата 14 та қанотли ракета учиргани, улардан 10 таси йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Ҳужумда тўртта дрон ҳам иштирок этган, улардан бири уриб туширилган.

Украина президенти Владимир Зеленский Кривой Рогдаги ҳужумга муносабат билдирган ҳолда ёнаётган беш қаватли бино акс этган видеони эълон қилди. Россия «турар жой бинолари, оддий шаҳарлар ва одамларга қарши урушни давом эттирмоқда», — деб ёзади у.