14−16 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Эрта ёшдаги болаларга ғамхўрлик ва таълим бўйича Бутунжаҳон конференциясининг сўнгги кунида дунёнинг 150 га яқин давлати вакиллари ЮНЕСКОнинг Тошкент декларациясини қабул қилди, дея хабар беради ташкилотчилар.

Тошкент декларацияси 2030 йилгача бўлган даврда эрта ёшдаги болалар таълимининг халқаро кун тартибини белгилашга қаратилган. Ушбу ҳужжат конференция доирасидаги маслаҳатлашув жараёни орқали тайёрланган ва имзолангандан сўнг БМТнинг олтита расмий тилига таржима қилинади ва ЮНЕСКОга аъзо давлатларга берилади.

Декларация бир қатор асосий тамойилларни ўз ичига олади. Жумладан:

  • ўқув дастурлари ва педагогиканинг сифати ва долзарблигини ошириш;
  • барча болалар учун тенг ва инклюзив таълим хизматларини таъминлаш;
  • фавқулодда вазиятларда таълим олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш.

Бу ва бошқа қатор вазифалар замирида педагог кадрларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, инновацияларни кенг жорий этиш ва соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш каби фундаментал омиллар мужассам.

Эслатиб ўтамиз, ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле анжуман очилишида сўзга чиқиб, ташкилот 2022йилни таълимга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш йилига айлантириш ниятида эканини таъкидлаган эди. «Мана, Тошкентда биз яшамоқчи бўлган жамият — ўз фарзандларига ғамхўрлик қиладиган, уларга тўғри йўл кўрсатувчи ва уларга муносиб эътибор қаратадиган жамият моделини белгилашимиз керак», — деди у.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев анжуман чоғида Ўзбекистон 2025 йилгача болаларнинг 80 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олиш, 6 ёшли болаларни эса мактабгача таълим дастури билан тўлиқ қамраб олиш ниятида эканини маълум қилди.