Ижтимоий тармоқларда Бўзсув каналининг Зангиота туманининг «Токзор» МФЙ ҳудудидан ўтган қисмига заҳарли канализация сувлари оқизилаётгани тўғрисида эълон қилинган видеомурожаат юзасидан Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош бошқармаси томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилди, дея хабар қилди Экология қўмитаси.

Ўрганиш жараёнига экологик мобил лаборатория ҳам жалб қилиниб, Бўзсув каналига ташланаётган оқова сувлардан, каналнинг 500 метр тепа ва паст қисмларидан таҳлил учун намуналар олинди.

Ўрганишлар давомида сувнинг қора рангда эканлиги тўқимачилик корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган рангли оқова сувлар билан боғлиқ эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, «Бўзсув аэрация станцияси»нинг технологик жараёнлари кўздан кечирилди ҳамда ушбу тозалаш иншоотига мунтазам равишда меъёрдан ортиқ ифлосланган моддалар ва рангли эритмалар ташлаб келаётган 7 та тўқимачилик ва 2 та қоғозни қайта ишловчи корхоналар рўйхати шакллантирилди.

Эндиликда ҳар бир корхона фаолиятини текшириш юзасидан Бизнес-Омбудсманга буюртмалар киритилиб, белгиланган тартибда экологик назорат ўрганиш ишлари олиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, худди шундай ҳолат яқинда Чирчиқ дарёсида ҳам аниқланган эди. Маҳаллий аҳоли дарё сувининг ифлослангани ва ранги ўзгаргани ҳақида хабар берган.

Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида ҳақиқатан ҳам Чирчиқ дарёсининг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани «Чингелди» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмига рангли эритмалар билан ифлосланган оқовалар ташланаётгани аниқланган.

Ишчи гуруҳ томонидан Чирчиқ оқова тозалаш иншоотининг ҳолати, технологик жараёнлари ўрганилганда тозалаш самарадорлиги 40−50 фоиздан ҳам пасайиб кетгани тасдиқланган.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ томонидан Чирчиқ оқова тозалаш иншоотига меъёрдан ортиқча ифлосланган турли рангли эритмали оқова ташлайдиган 10 та йирик корхона, шу жумладан, 6 та таркибида бўёқ цехлари бўлган тўқимачилик корхоналари рўйхати шакллантирилган.