25 июнь куни «Бу менинг Конституциям» порталида конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун ўзбек ва рус тилларида эълон қилинди.

26 июнь кунидан бошлаб қорақалпоқ халқи Бош қонунда республика мақомини ўзгартириш бўйича ўзининг эътирозли муносабатини турли флешмоблар ва Конституциявий комиссиянинг call-марказига қўнғироқ қилиш орқали билдира бошлади. Бироқ, шундан сўнг, ҳудудда интернет ва мобил алоқа узиб қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Эътиборлиси, бунга қадар Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида эълон қилинган хабарларнинг бирортасида Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид 70, 71, 72, 74 ва 75-моддаларини ўзгартириш таклиф этилаётгани ҳақида бирор гап-сўз қайд этилмаган.

1 июль куни соат 21:25 да Ўзбекистон ИИВ Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида соат 15:00 лар атрофида республикада амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиниши оқибатида айрим фуқаролар кўча юришларини ташкил қилгани ҳақида хабар берди.

2 июль куни Қорақалпоғистон расмийлари бир гуруҳ жиноятчи шахслар давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринганини таъкидлаб, носоғлом ташқи кучларнинг ҳудуддаги вазият ривожига таъсир қилишга уринишларидан хавотирдалигини билдирди.

2 июль куни тушдан сўнг, президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга жўнаб кетди. Давлат раҳбари Нукусда бўлиб ўтган йиғилишда Қорақалпоғистон аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган Конституциянинг 70, 71, 72, 74 ва 75-моддаларининг амалдаги таҳрирлари ўзгаришсиз қолдирилишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси депутатларининг ўзлари Конституцияда республиканинг мақомини ўзгартиш таклифини киритгани ва тасдиқлагани ҳамда аҳолининг норозилиги ҳақида хабар бермаганини ҳам танқид қилди. «Қорақалпоқ халқи норози бўлса, бирорта модда ҳеч қачон ўзгармайди», — деди у.

3 июль куни тонгда давлат раҳбари бир кун аввал бориб қайтган Нукусга яна учиб кетди. Шавкат Мирзиёев аввалига Нукус шаҳрида видеоселектор ўтказди, кейин Жекетерак маҳалласида халқ билан мулоқот қилди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашди, сўнг «Саманбай» овул фуқаролар йиғинида бир гуруҳ ёшуллилар ва маҳалла фаоллари билан кўришди.

«Фуқароларнинг ўз фикри ва хоҳиш-иродасини демократик принциплар ва ҳуқуқий нормалар асосида эркин билдириш бўйича яратилган шарт-шароитларга қарамасдан, айрим ғаразли кучлар конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида тажовузкорлик ва зўравонлик йўлини танлаб, Ўзбекистондаги вазиятни беқарор этиш ва издан чиқаришга уринмоқда. Сохта ахборотларни тарқатишнинг синалган технологияларидан, ижтимоий тармоқлар имкониятидан фойдаланган ҳолда, бузғунчи кучлар аниқ мақсадни кўзлаб, фуқароларни Конституцияга хилоф хатти-ҳаракатларга жалб этмоқда. Уларнинг асосий нияти жамиятни пароканда қилиш, давлатимиз томонидан олиб борилаётган бунёдкорлик сиёсатига бўлган ишончни сусайтириш, Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига путур етказишдан иборат», — деди давлат раҳбари.

«Барчамиз биргаликда Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни албатта барпо этамиз», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Бир неча кун давомида Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда содир бўлган воқеалар, аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўртасидаги тўқнашувларга Ўзбекистон депутатлари ва сенаторлари қандай муносабат билдирди? «Газета.uz» 2 июлгача бирор депутат ёки сенатор фикр билдирмаганини эслатиб ўтган ҳолда, ушбу санадан кейин айтилган фикр-мулоҳаларни эътиборингизга ҳавола этади.

2 июль расмий идоралар вазият юзасидан баёнот бергач, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси, депутат Алишер Қодиров «қондошларимиз қорақалпоқларни ташқаридан бошқарилаётган бузғунчи хиёнатчиларни манфур ўйинларига ўйинчоқ қилиб қўймаслигимиз керак» дея муносабат билдирди.


«Бир гуруҳ хиёнатчилар қорақалпоқ халқининг фикрини ифода этмайди. Фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун барча имкониятлар ишга солиниши зарур. Қонун лойиҳаси бўйича халқимиз нима деса шу бўлсин», — деди депутат.

Депутат Расул Кушербаев 2 июль куни Қорақалпоғистон расмийларининг баёнотидан сўнг, қисқача ўзининг муносабатини билдирган.

«Фурсатдан фойдаланиб, биз ҳам барчани тинчликка чақириб қоламиз. Ҳар қандай низо, муаммо ва тушунмовчилик соғлом мулоқот ҳамда музокаралар орқали ҳал этилиши лозим», — деди у. Шундан кейин у асосан Нукус мавзусидаги расмий хабарларни қайта улашиб турган.

ЎзЛиДеП фракцияси етакчиси Актам Хаитов эса шу кунлар мобайнида Нукус воқеалари юзасидан ўзининг шахсий фикри ёки муносабатини билдиришдан тийилган.


У фақат бошқа расмий манбаларнинг хабарларини Telegram-каналида бўлишиш билан кифояланган.

Қуйи палатанинг яна бир фаол депутати Дониёр Ғаниев ҳам июнь охири ва июль ойи бошларида Нукус ҳақида ўзининг муносабатини эълон қилмаган.


Депутатнинг каналида Конституциявий қонуннинг баъзи бир янгиликлари ҳақидаги хабарларни кўриш мумкин. Бироқ, Қорақалпоғистон ҳақида эса фақат расмий манбаларнинг маълумотлари обуначилар эътиборига ҳавола этилиб келинган.

«Юксалиш» УМҲ етакчиси Бобур Бекмуродов ҳам асосан қорақалпоқ мавзусини расмий хабарлар чиққачгина кўтара бошлаган.

Жумладан, депутат 2 июль куни Нукусда тўсатдан агрессия унсурлари мавжуд бўлган ноқонуний намойишлар уюштирилгани, алоҳида гуруҳлар ва провокаторлар йиғилган фуқаролар билан аралашиб, маъмурий бинолар мажмуасидаги давлат муассасаларини эгаллаб олишга урингани ҳақида ёзган.

«Мақсад тушунарли — шу орқали Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш. Ишончим комилки, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу жиноий уринишларга ҳуқуқий баҳо беради. Мен миллий ва халқаро ҳамжамиятни геосиёсий жараёнларнинг провокацион тўлқинларидан огоҳ бўлишга, уларнинг нишонига айланиб қолмасликка чақирмоқчиман. Ўзбекистон сўнгги йилларда изчил ривожланаётган, демократик қадриятларга содиқлигини намоён этган давлат», — деган у.

2−3 июль кунлари Бобур Бекмуродов Twitter ижтимоий тармоғида Қорақалпоғистондаги воқеалар ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатилишига қарши кураш олиб борганлигини қайд этиш лозим.


3 июль куни Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат (ФҲ) жорий этиш тўғрисидаги президент фармонини тасдиқлаш ҳақидаги қўшма қарори эълон қилинди. Шундан кейин кўпчилик депутат ва сенаторлар шахсий позициясини билдиришга киришиб кетди, уларнинг фикрлари асосан қуйи палата сайтида чиқарилган.

Жумладан, депутат Қаҳрамон Эргашев «ҳар хил иғвогарларга учмасликка» чақирган.

Унинг фикрича, Бош қонунга киритилаётган Қорақалпоғистонга оид нормаларни бир гуруҳ шахслар нотўғри талқин қилган ва аҳоли орасида ваҳима кўтарган.

«Ўзбек-қорақалпоқ халқлари доим бир-бирини қўллаган. Аҳил-иноқ яшаб, хурсандчиликда ҳам, ғамда ҳам доимо бирга бўлган. Демак, эртанги келажагимиз, халқимиз фаровонлиги, осмонимиз мусаффолиги учун бир ёқадан бош чиқариб, бир мушт бўлиб, юртимизни қудратли мамлакатга айлантирайлик», — деди у.

Депутат Муҳаммад Валиевнинг фикрича, тарих, қадрият, анъаналарни эъзозламаган, ўз манфаатини бутун бир мамлакатнинг манфаатидан устун қўйган айрим популистларнинг ноқонуний ҳаракати, чалғитиши тинч, осуда ҳаёт кечираётган қорақалпоғистонликларнинг тинчлигига раҳна солди.

«Бунёдкор ғоя бузғунчи ғояни мағлуб этишига эришишимиз учун ҳам қорақалпоғистонлик ҳамюртларимиз маълум муддат айрим турдаги чекловларга риоя қилишлари керак бўлади», — деган у.

4 июль куни қуйи палата депутати Азамжон Тўлабоев Қорақалпоғистонда ФҲ эълон қилинганини тўлиқ оқлашини маълум қилди.


«Бу борада биз депутатлар жойларда халқимизга амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларнинг асл моҳиятини тўғри ва халқчил услубда тушунтиришда фаолликни қўлдан бой бермаслигимиз керак. Зотан, нотўғри ва ноўрин хулосалар, аллақандай фитначиларнинг иғволарига кўр-кўрона эргашиш билимсизлик, холис ва тўғри маълумотдан хабардор бўлмасликдан келиб чиқади», — деди у.

Шерзод Раҳмонов эса этни тирноқдан ажратиб бўлмайди, дея ёзмоқда. Худди шундай гапни бир кун олдин сенатор Малика Қодирхонова ҳам таъкидлаган.

«Қардош қорақалпоқ эли ўзбек халқи билан доимо ёнма-ён, елкама-елка турган… Аммо сўнгги кунларда айрим иғвогарлар, фитначиларнинг манфур мақсади туфайли қардош элимизнинг тинчлигига раҳна солингани барчамизни ташвишга солди. Лекин айрим «провокатор"ларнинг популистик чиқишлари таъсирига тушиб қолган баъзи соддадил қардошларимизнинг ноўрин хулосаси ва ҳаракати билан тобора ривожланиб бораётган мамлакатимизнинг тинчлиги хавф остида қолиши мумкин эди», — деган ўз фикрида у.

Депутат Сардор Ғиёсов президентнинг Жўқоғи Кенгесдаги гап-сўзларидан илҳомланиб, «Янги Ўзбекистонни ва Янги Қорақалпоғистонни ҳаммамиз биргаликда қурамиз» дея баёнот берган.

«Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги қардошлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, оғизбирчилигимизни асраб-авайлаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик муҳитини сақлаш барчамизнинг бурчимиздир. Зотан, Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистонни ҳаммамиз биргаликда қурамиз», — деган у.

Жамшид Қосимов эса ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг мақсади, йўли ва манзили бир эканлигини қайд этган.


«Юртимизда кечаётган сиёсий жараёндан фойдаланиб, баъзи бир ғаламис ниятли кучлар нотўғри, ёлғон ахборотлар билан тинч аҳолидан фойдаланишга ҳаракат қилганининг гувоҳи бўлдик», — деган у.

«Айни пайтда ҳар биримиздан оғир-босиқлик, турли хил иғволарга учмасдан, узоқни, фарзандларимиз келажагини, юртимиз эртасини ўйлаган ҳолда иш тутиш талаб этилади. Ўйлайманки, қорақалпоқ биродарларимиз буни жуда яхши англаб турибди ва улар билан мақсадимиз, йўлимиз, манзилимиз бир», — деган ўз фикрида депутат.

Мамлакатдаги ушбу вазиятга Қибрай тумани маҳаллий кенгаш депутати Дониёр Юсупов ҳам фикр билдириб ўтган.

«Айни ташқарида туриб турли найранглар ўйлаб, ёвуз ниятлари ила юртимиздаги тинчликни тўполон ва нотинчликка айлантирмоқчи бўлганлар, ўзларининг сепаратистик ғояларини илгари сураётган нопок кимсалар ўз ниятига ета олмайди», — деган у.

Депутатлар каби сенаторлар ҳам қуйи ва юқори палаталарнинг қўшма қарори қабул қилингачгина ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. Уларнинг шахсий қарашлари қайд этилган қисқа мақолалар асосан 3 июль куни юқори палата расмий сайтида эълон қилинган.


Сенат раиси Танзила Нарбаеванинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Қорақалпоғистон мавзусида бирор пост ёки расмийларнинг хабари чиқарилмаган. Қайд этиш жоиз, Нарбаева 1 июль куни Озарбайжонда ташриф билан бўлиб турган эди.

Жумладан, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров «мамлакат яхлитлиги, тинчлигини кўра олмаётган ёвуз кучлар ва бу каби ноҳуш ҳодисалар ҳеч қачон ўзбек ва қорақалпоқ бирдамлигига раҳна сола олмайди», — дея ишонч билдирган.

«Биз қорақалпоқлик оға-иниларимиз билан Янги Ўзбекистонни, мамлакатимиизнинг янги саҳифасини биргаликда барпо этамиз! Ишонаманки, қорақалпоқлик оға-иниларимиз, опа-сингилларимиз ташқи кучлар таъсирига тушмайди, неча йиллик тинчлик ва бир бутунликни сақлаб қолади», — деган у.

Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонованинг фикрича эса «этни тирноқдан ажратиб бўлмайди».

«Асрлар оша давом этаётган дўстлик, оға-иничилик, опа-сингиллик ришталари абадий бўлиб қолади. Биз оналар, аёллар тинчлик тарафдоримиз! Четда туриб турли ёвуз ниятини амалга ошириш эвазига Ўзбекистон яхлитлигини кўра олмаётганлар, қорақалпоқ элида нотинчликлар, турли кўнгилсизликларни юзага келтирмоқчи бўлган сепаратистлар ўз мақсадларига эриша олмайди. Доно халқимизнинг бир нақли бор, этни тирноқдан ажратиб бўлмайди», — деб ёзган у.

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаровнинг ёзишича, «сепаратистларнинг мақсади тинч аҳоли ишончига кириб, мамлакатда беқарорликни юзага келтиришдир».

Сенатор Қорақалпоғистонда рўй берган оммавий тартибсизликлар орқасида яхлит мамлакатда сепаратистик ғояларни тарқатишга қаратилган, аввалдан режалаштирилган, аниқ мақсадга эга муайян кучлар турганлиги аён бўлганини қайд этган.

«Постсовет ва Яқин Шарқ мамлакатларининг йигирма йиллик тарихи бундай тартибсизликлар ва инқилоблар нима билан тугаганини барчамиз кўрдик. Эътибор берсангиз, бу каби тартибсизликлар рўй берган барча мамлакатларнинг иқтисодий ўсиши улар бошлангунга қадар юқори бўлган. Бугун эса ушбу мамлакатлар ҳали-хануз ўзларининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичларини яхшилай олгани йўқ», — дея таъкидлаган у.

Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфованинг баён этишича, «биз бир халқмиз ва Ўзбекистон яхлитлигини биргаликда асраймиз».

«Куни-кеча содир этилган тартибсизликлар Қорақалпоғистондаги улкан ислоҳотларни, самарали ишларни издан чиқаришга қаратилган. Бундан кейин бу каби салбий ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун „олтовлон ола бўлиб“ эмас, балки ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз, айниқса бузғунчи ғоялардан ёшларимизни асраб-авайлашимиз керак», — деди у.


«Газета.uz» журналистиканинг барча стандартларига риоя қилишга, эълон қилинаётган барча фактларни қайта текширишга ва расмий органларда мавжуд маълумотларни тасдиқлашга интилади. Шунинг учун ҳам бизнинг мухбиримиз воқеа жойига бориб, фоторепортаж ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлар уюштирди.

Жумладан, 3 июль куни Нукусда бўлган «Газета.uz» мухбири Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Қорақалпоғистон филиалига ташриф буюрди.

Мухбиримиз ўша ердагилардан изоҳ олишга ҳаракат қилганида, унга рад жавобини беришди. «Ҳеч ким келмади, ҳеч ким одамларга ҳеч нарса ҳақида хабар бермади. „Ёнғиндан“ кейин интервью олиш нимага керак? Қандай ёрдам бермоқчисиз? Ўлганларни тирилтира оласизми», — деди у ва четга ўтди.