Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар вақтида ташқи кучлар таъсири остида қўлига қурол олган шахслар орган ходимларига ўқ узганини маълум қилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Нукуснинг Жекетерак маҳалласи аҳолиси билан учрашувда маълум қилди. Суҳбат аудиоси Kun.uz томонидан эълон қилинди.

«Албатта кўп давлатлар нотинч. Кўп давлатлардан бундай ўрнак олиш бизга ярашмайди. Бизга фақат тинчлик ва осойишталик, бирдамлигимиз керак», — деди у.

Давлат раҳбари Қорақалпоғистон ҳар келганида аҳоли билан учрашиши ва очиқ мулоқот қилишини эсга олди. «Вакилларимни ташлаб кетаман. Қорақалпоғистонда шунча катта-катта ишларни бошлаганмиз, мана маҳаллаларинг ўзгарди», — деди у. Аҳоли вакиллари ҳам ўзгаришлари тасдиқлашди.

Президентнинг сўзларига кўра, одамларни эшитадиган тизим йўқ эди. «Бировга кўз-кўз қилиш учун эмас, мақтаниш учун эмас, ҳақиқатни айтаяпманки, иложи борича давлат халқни эшитадиган, рози қиладиган тизим яратса ўшандагина ниятимизга эришамиз», — деди у.

«Фавқулодда вазият эълон қилдим. Кечаси бориб, [ҳужжатга] қўл қўйдим. Бугун яна қайтиб келганим, тинчликнинг кафолати бу. Халқимизнинг тинчлигини ҳаммамиз ўйлашимиз керак. Битта одам ҳам нобуд бўлса, фожеа бу халқ учун. Тасаввур қилинглар, қўлларида милтиқ олганлар бизнинг Миллий гвардия ходимларини отди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари намойишчилар армияга қарши тўнтариш қилиш ниятида бўлган, уларни эса мамлакат ташқарисидан бошқариб туришипти.

«Булар (маҳаллий аҳоли назарда тутилмоқда — таҳр.] уларнинг [ташқи кучлар] ўйинига ўйнаяпти. Уларнинг ўйинига ўйнаётганларни биз қўймаймиз. Кучимиз ҳам, қудратимиз ҳам, имкониятимиз ҳам бор. Қорақалпоғистонда тинчликни ўрнатамиз», — деди президент.

Ҳуқуқбузарлар эса қонун олдида жавоб бериши айтилди.

«Келиб учрашишимдан мақсад, авваламбор сизлар орқали бутун мана шу Нукус ва қорақалпоқ халқига айтишим керак-ки, мен ўзим президент бўлиб кафолат бераманки, ҳеч қандай масала бўлмайди, қаттиқ, темир интизом бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ, Ўзбекистон Миллий гвардияси Қорақалпоғистон аҳолисидан фавқулодда ҳолат режими ва комендантлик соатига (21:00—7:00) риоя қилиш ва зарурат бўлмаган тақдирда уйдан чиқмасликни, қолаверса, фақат расмий хабарларга ишонишни сўраб чиққанди.