«Газета.uz» Қорақалпоғистон пойтахти Нукусдаги вазият ҳақида репортажни эълон қилган эди. 1 июль куни адовкат ва блогер Даулетмурат Тажимуратовнинг қўлга олинишидан кейин бошланган ва 2 июлда давом этган намойишлар натижасида қон тўкилди. Ўзбекистон Бош прокуратураси дастлабки маълумотларга кўра 18 нафар киши вафот этгани, 243 киши, жумладан 38 нафар ҳуқуқни муҳофази қилиш органлари ходимлари жароҳатланганини маълум қилди. 4 июль эрталабига 100 га яқин киши шифохонада бўлган.

3 июль куни Нукусда бўлган «Газета.uz» мухбири Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Қорақалпоғистон филиалига ташриф буюрди. Бедарак йўқолган яқинларини излаётган одамлар ички ишлар органлари ва шифохоналардан сўнг бу ерга, яқинларини вафот этганлар орасида бўлмаслигидан умид қилиб келмоқда.

«Ҳозир яхшиси одамларга тегмаган маъқул»

Соат тахминан 13:20 ларда марказ биноси олдида 25 нафарга яқин одам бор эди, улар навбатма-навбат дераза олдига келишар ва сўнгги кунларда бедарак йўқолган яқинларининг маълумотларини айтишарди. Одамлар доим алмашиб турарди — маълумотларни бергандан сўнг улар яқинларини қидиришда давом этиш учун кетишарди, уларнинг ўрнига бошқалар келарди.

Марказ ходими паспортдаги расмларни суратга олар, йўқолганларнинг алоҳида белгиларини ёзиб оларди. «Қора шортик, оқ футболка», — деди унинг олдига келган эркак. Бир дақиқа ўтгач у қайтиб келди ва футболкада «TIP» ёзуви бўлганлигини қўшимча қилди.

Мухбиримиз ўша ердагилардан изоҳ олишга ҳаракат қилганида, унга рад жавобини беришди: «Тошкентдан келганлар бизга етиб ортди». Яна бир киши интервью олиш учун эртароқ келиш керак бўлганлигини айтди.

«Ҳеч ким келмади, ҳеч ким одамларга ҳеч нарса ҳақида хабар бермади. „Ёнғиндан“ кейин интервью олиш нимага керак? Қандай ёрдам бермоқчисиз? Ўлганларни тирилтира оласизми», — деди у ва четга ўтди.

Яна бир эркак мухбирга қуйидагича маслаҳат берди: «Ҳозир халқ ғазабланган. Ҳозир бу ерда туриш керак эмас. Сен интервью олмоқчисан, лекин кеча олиш керак эди… Яхшиси кетганинг маъқул, бўлмаса сенга ҳам ташланиб қолишлари мумкин. Ҳозир яхшиси халққа тегмаган маъқул», — деди у.

Журналист моргда укасини қидираётган нукуслик Заиф Мурадов билан гаплашди. Укаси 2 июль куни уйдан чиқиб кетган ва қайтиб келмаган. Эркак яқинлари билан биргаликда Нукус шаҳар ИИО ФМБ ва турли хил шифохоналарда маълумот олишга ҳаракат қилишган, бироқ уни топа олишмаган.

«У бу ерда эмас деб умид қиляпмиз. Ўзимча, исми ва фамилиясини ўзгартирган ва қаергадир кетиб қолган, деб ўйлаяпман», — деди у.

2 июль куни Нукусга етиб келган президент Шавкат Мирзиёев республика аҳолиси норозилигига сабаб бўлган Ўзбекистон Конституциясидаги Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми тўғрисидаги моддалар ўзгартирилмаслигини таъкидлади.

Эркак Конституцияга ўзгартиришлар бекор қилинганлиги ҳақида фақатгина эрталаб радио орқали хабардор бўлганлиги айтди. Унинг сўзларига кўра, кечқурун интернет 10 дақиқага ёқилган, лекин ҳамма ҳам ундан фойдаланишга ва янгиликларни ўқиб олишга улгурмаган.

«Газета.uz» судмедэкспертиза марказидаги вафот этганлар сони ҳақида маълумот ололмади. У ерда прокуратурага мурожаат қилишимизни айтишди. Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматида ҳам маълумотларни тақдим этишмади ва бу билан маълумотларни йиғаётган махсус штаб шуғулланиши айтилди. Журналистнинг штаб учун маълумотларни ССВ шакллантириш ҳақидаги таъкидига, матбуот хизмати ходими маълумот янгиланиб туриши мумкинлигини, шунинг учун барибир штабга мурожаат қилиш кераклигини айтди.

Изолятор олдидаги ҳодиса


Аҳолининг мурожаатига биноан «Газета.uz» мухбири тергов изолятори жойлашган шаҳар чеккасидаги «Кос Кол-4» маҳалласига йўл олди. Мурожаат қилган фуқаролар қўлга олинганларнинг катта қисми ўша ерда сақланаётганлигини таъкидлашарди.

У ерда маъмурий бино қаршисида 50−60 нафар одам тўпланиб турганди. Айрим аёлларнинг қўлларида болалари бор эди. Объект шлем, бронежилет, шит ва дубинка билан қуролланган ИИО ходимлари томонидан қўриқланарди. Орқароқда қора формадаги автомат кўтарган ходимлар ва махсус техника кўринарди. Бино олдидаги йўл устида ёнган балонлар қолдиқлари ётарди.

Маълум бир вақтдан сўнг ходимлар ва эркакларнинг бирининг ўртасида можаро юзага келди. Бунга нима сабаб бўлгани номаълум. Фуқаро баланд овозда нимадир деб бақирарди. Журналистдан 15 метр нарироқда турган аёл паст овозда унга кетишини, акс ҳолда уни ҳам қўлга олиб, куч ишлатишлари мумкинлигини айтарди.

Натижада ходимлардан бири шовқинли гранатини ишлатди. Одамлар ҳар тарафга қочди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари эса «Жигули»га ўтириб кетишга уринган эркакни қўлга олишди.


Эркакнинг қўлга олиниши.

Боши ва юзини рўмол билан ўраб олган Калбике Перниязова бино олдига иккинчи кун келяпти, гарчи турмуш ўртоғи Ахмед Жамгирниязов у ердалигига ишончи комил бўлмаса ҳам. Унинг сўзларига кўра, баъзи ходимлар эрининг «Кос Кол-4»далигини айтади, баъзилари эса буни рад этади.

Нукуслик аёл турмуш ўртоғи мактабда ўқитувчи бўлиб ишлашини ва бўш вақтида ёлланма ишчи сифатида қўшимча пул топишини айтади. 1 июль куни у обой ёпиштирган бир объектда ушланиб қолади. Калбике Перниязова ўша пайтда митинг ҳақида билган ва турмуш ўртоғи ҳақида қайғурган. Охирги маротаба улар тахминан 22:00—23:00 атрофида суҳбатлашишган.

«У ишдан чиқаётганлигини ва уйга отланаётганлигини айтди… Унинг митингда қатнашиш мақсади йўқ эди. Уни шундоқ ҳам белида грижаси бор, у кўп юролмайди. Эрталаб уйга келади деб умид қилгандим, лекин ўшандан бери у йўқ. Ҳамма изоляторларни, бўлимларни кезиб чиқдим. Бу охирги изолятор. Кимдир у шу ерда дейди, бошқаси бу ерда эмас дейди. Биз йўқолган яқинларимизнинг исм ва фамилиясини рўйхатга ёзяпмиз», — деди у.

2 июль куни Калбике Перниязова шаҳар ИИОга 102 рақами орқали телефон қилган, лекин ҳеч ким жавоб бермаган. Унинг сўзларига кўра, шанба кунинг ўзидаёқ «Кос Кол-4»да қариндошларга ушланганлар қўйиб юборилишини ваъда қилишган, лекин якшанба куни тушга келиб улар ҳалигача кўчада кутаётган эдилар.

У турмуш ўртоғининг соғлиғидан хавотирда, чунки «2 июль куни худди сенга ўхшаган йигитлар ўлди, мен ёш йигитлар ўлганини кўрдим», деди у мухбирга.

4 июль куни кундузи Калбике Перниязова «Газета.uz»га эри Нукус шаҳар ИИБда сақланаётганлигини маълум қилди.

Яна бир киши қўлга олинганлар орасида эмизик боласи бор аёл бўлганлигини айтади. У дўконга таглик олгани чиққан ва қайтиб келмаган. Унинг қариндошлари боласини эмизиш учун олиб келишади.

Бошқа бир нукуслик аёл Калбике Жуманова турмуш ўртоғи Макседбай Калмурзаевни 1 июль куни қўлга олишганини ва шу СИЗОда сақлашаётганини айтди. Авваллари у ички ишлар органи ходими бўлган, бугунги кунда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси яқинидаги қурилиш объектларидан бирида қўриқчи бўлиб ишлайди.

«Уни қандай ҳибсга олишганини билмайман. Эрталаб ишхонасидан телефон қилишди ва у ишда эмаслигини айтишди», — дейди у.

Аёлнинг ишонтиришича, унинг эри намойишларни қўллаб-қувватламаган ҳамда ундан ўғиллари ва бошқа қариндошлари уйда қолишларини сўраган.

«У ҳар куни биз билан соат 21:30 да биз билан гаплашарди. Болалар уйдами деб сўрарди ва ҳеч ким кўчага чиқмаслигини сўрарди, чунки кўчада тартибсизликлар кетаётган эди. Кейин эса алоқа йўқолди. Унда митингда қатнашиш мақсади йўқ эди. У ҳаттоки ўғилларимиз уйда бўлишини сўрарди», — деди Калбике Жуманова.

Аёл Калбике Перниязованинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари 3 июль куни 50 кишини қўйиб юборишни ваъда қилганликлари ҳақидаги сўзларини такрорлади.

«Уларни қийноққа солишяптими ёки йўқми, калтаклашяптими ёки йўқми, билмаймиз. Бизга уларни кўрсатишмаяпти», — дея таъкидлади у.

Калбике Жуманованинг маълум қилишича, у яқинда даволанган ва шифокорлар унга икки кун қуёшга чиқмасликни буюрган, бироқ эрининг ҳибсга олинганлиги сабабли бу қоидани бузишига тўғри келган.

«Қорақалпоғистонда ўзбеклар, қозоқлар, руслар, корейслар яшайди. Биз дўстона кайфиятда яшаймиз. Қандайдир можароларимиз йўқ. Биз уларни ҳурмат қиламиз. Биз урушни хоҳламаймиз, бизга тинчлик керак. Йигитлар фақат моддани (Конституцияга ўзгартиришлар — таҳр.) деб чиқишди… Бизнинг раҳбариятимиз айбдор. Биз ўзбекларни айблаётганимиз йўқ, биз ўзимизнинг раҳбариятимизни айблаяпмиз», — деди у.

Яна бир нукуслик аёл таклиф этилган ўзгартиришларни муҳокама қилиш учун аҳоли билан учрашмаган Қорақалпоғистон депутатларидан норозилигини билдирди.

«Улар келиб, бизга тушунтириши керак. Нега биз уларни сайлаймиз? Депутатлар, сенаторлар: Жўқорғи Кенгес одамлар қаерда? Биз президентни айбламаяпмиз, унга раҳмат», — деди у.

Аёлнинг айтишича, унинг 18 ёшли талаба ўғлини уйнинг ҳовлисида, ўртоқлари билан ўтирганида ушлаб кетишган.

«У шу йил ўқишга кирди, яқинда имтиҳонларни топширди. У „Ойи, қайта топшириш бўлмади, мен ўтдим“, дерди. Бошқалар контракт тўлаш учун қарз оляпти. У барча имтиҳонларни ўзи топширди», — дейди аёл кўзда ёш билан.

У ўғлини қўрқитишлари, унинг бўйнига «айбловни илиш» учун босим ўтказишлари мумкинлигидан хавотирда. Аёл Қозоғистондаги намойишлар вақтида қирғизистонлик мусиқачини погромчига чиқаришганини мисол қилиб келтирди. Таниқли мусиқачи Викрам Рузахунов Қозоғистон телевидениесида 90 минг тенге (тахминан 200 доллар) учун Олмаотадаги погромларда қатнашган ишсиз киши сифатида кўрсатилган эди.

«Уни ҳалиги мусиқачи каби гўёки 200 доллар учун митингда қатнашганини „тан олишга“ мажбурлашлари мумкинку. Уни шундай қўрқитиб қўйишлари мумкинлигидан қўрқаман. Ичкарида нима бўлаётганини биз билмаймиз», — дея таъкидлайди аёл.

Хўжайлида истиқомат қилувчи аёл Гульназ Ережепова телефон орқали «Газета.uz»га 31 ёшли турмуш ўртоғи Ислом Камолиддинович Калиличев 1 июль куни тушдан сўнг Нукусга бозорга жўнаганини маълум қилди. У ўзи билан телефонни олмаган, уйида ёдидан кўтарилиб, қолдириб кетган. Шундан буён аёл уни тополмайди.