Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида 1 июль куни кундузи жамоат фаоли Даулетмурат Тажимуратовнинг ҳибсга олиниши ортидан оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Ундан олдин эса республика аҳолиси Қорақалпоғистоннинг суверен мақомига оид ўзгартиришларни Ўзбекистон Конституциясига киритишга қарши бир неча кунлик яккахон ва жамоавий норозилик чиқишлари кузатилганди.

Ушбу кунлар давомида ҳудудда аввал мобил, кейин эса стационар интернет чекланганди. Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон расмийлари воқеалар юзасидан изоҳ ва аҳолининг чиқишларига очиқ жавоб бермади. 1 июль кечасигача.

Жума куни Қорақалпоғистон парламенти раҳбари Мурат Камалов намойишчилар олдига келиб, Даулетмурат Тажимуратов билан бирга ўзининг машинасининг устига чиқиб, намойишчиларга мурожаат қилганида, вазият тинчлангандек туюлганди. Ўша куни одамлар «уларни эшитишгани ва ўз мақсадига эришганидан кўнгли тўлиб» тарқала бошлади, дея бизга телефон орқали маълум қилди воқеа жойида бўлган нукуслик фуқаро.

Барча суҳбатдошлар бир хил фикрни айтишмоқда: одамлар дўстона кайфиятда бўлишган, кун исиб кетгани учун яқин жойдаги дўконлар эгалари барчага, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига ҳам сув тарқатган.

1 июль куни кечаси ИИВ «Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар, республикада амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилишлари оқибатида, кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилиб, Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштиришганини» маълум қилди. Шундан сўнг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилиб, жамоат тартиби тикланди ва «фуқароларнинг қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймасликлари ва барча мурожаатлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда», — дейилганди хабарда.

Бироқ, кеч тушиши билан Жўқорғи Кенгес биноси олдида «биз барчамиз қўрққан ҳодиса бошланди», деб сўзлаб беради воқеага гувоҳ бўлганларнинг бири. Унинг сўзларига кўра, одамлар уй-уйига тарқалаётган вақтда Жўқорғи Кенгес томонга тахминан бошқа ҳудудлардан келаётган одамлар ҳаракатланиб кетаётганди.

Бу вақтга келиб, интернетда — асосан хорижий ресурсларда — Нукусда содир бўлаётган воқеалар тасвирланган фотосуратлар ва видеороликлар тарқала бошлади. Ишончли ахборот йўқлиги боис, турли хил тахмин ва уйдирмалар пайдо бўлди.

Барчаси бошланиб кетишига нима сабаб бўлганини айтиш қийин. Гувоҳларнинг айтишича, одамлар уларни фикридан қайтаришга уринишган бўлса-да, улар бино ичкарисига киришга ҳаракат қилган, қандайдир ёш йигитлар Бердақнинг ҳайкали устига байроқ билан чиқиб олишган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари уларни тўхтатишга ҳаракат қилишган. Воқеалар кетма-кетлигини эса тергов жараёни аниқлаши керак.

Қайсидир вақт портлашлар овозлари эшитила бошлади — бу эҳтимол, кўздан ёш оқизувчи шашкаларнинг овози эди. Одамлар қоча бошлашди. Кимдир шашкани ушлаб олиб, қайтариб отди. Айрим шашкалар эса портлаб, одамларга жароҳат етказди. Ўша куни интернетда жароҳатланганлар ва камида икки киши ҳалок бўлгани тасвирланган видеолар тарқала бошлади.

Биз ўша куни бир қанча маҳаллий аҳоли вакиллари билан телефон орқали гаплашдик — унда портлашлар, тахминан резина ўқлар товушлари, бақир-чақир ва сирена овозларини эшитиш мумкин эди. Нукусликлар фарзандлари қўрқишгани ва уларни бу фейерверкларнинг овози эканлигини айтиб, овутишганини сўзлаб беришди.

Эртаси куни тонгда одамлар яна Нукус марказида йиғилаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Портлашлар ва ўқ товушлари кун давомида тўхтамади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар одамларни тарқатиб юбориш учун сув пурковчи машиналар (водомёт), кўздан ёш оқизувчи газ, резина ўқлардан фойдаланишди — тармоқларда буни тасдиқловчи кўплаб фото ва видеолар мавжуд.

Тасвирларда, шунингдек, намойишчилар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини ҳақоратлаб бақираётгани ҳамда шашкалар ва бошқа нарсаларни ўзларига қайта отаётганини кўриш мумкин. Бу қандай вазиятда юзага келгани ва ундан олдин нима содир бўлганини қисқа видеолардан англаш мушкул.

Кечаси Нукусга Ўзбекистон президенти учиб борди. У Жўқорғи Кенгес депутатлари билан учрашиб, Конституцияда Қорақалпоғистоннинг мақомини ўзгартиришни ўзлари таклиф қилгани ва тасдиқлашганини танқид қилди. Шунингдек, у одамларнинг норозилиги ҳақида хабар бермаганлиги учун депутатларга танбеҳ берди. «Қорақалпоқ халқи норози бўлса, бирорта модда ҳеч қачон ўзгармайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўша куниёқ республикада фавқулодда ҳолат эълон қилиш тўғрисидаги фармон имзоланди. Якшанба, 3 июль куни президент яна Нукусга борди.

Ушбу ўтган кунлар давомида Қорақалпоғистон аҳолиси бизга қўнғироқ қилиб, «у ерда нима бўлаётгани ҳақида ҳақиқатни сўзлаб беришимизни» илтимос қилишди. «Барчага биз провокатор, сепаратист эмаслигимизни, биз оддий одамлар эканлигимиз, фақатгина бизни тинглашларини хоҳлашимизни айтинглар», — дея кўз ёшлари билан сўради бир аёл.

Якшанба куни эрталаб «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов Нукусга етиб борди. У шаҳар бўйлаб юриб, сўнгги кунлардаги воқеалар оқибатларини фотокамерага мухрлади.

Ҳозирда шаҳар тинч, портлаш ва ўқ товушлари бошқа эшитилмаяпти. Кўчаларда ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва ҳарбийларни кўриш мумкин. Эрталаб автомобиллар кўп эмас эди, кундузи эса сони орта бошлади. Интернет вақти-вақти билан ёқилмоқда, бироқ, асосан унга киришнинг имкони йўқ. Телефон алоқаси ва SMS ишлаяпти. Соат 18:00 га келиб, кўчалар блокпостлар олиниб, транспорт ҳаракати тиклана бошланди.

Марказдан узоқроқ кўчаларда шиналар ёнаётгани, қонлар излари, устки ва оёқ кийимлар, шашкалар қолдиқлари, патронларнинг гильзаларини кўриш мумкин. Тиббиёт муассасаларида яраланганлар кўп. Шифокорларнинг сўзларига кўра, 2 июль куни тез ёрдам машиналари жароҳатланганларни тез-тез олиб келиб туришган, бугун эса — камроқ.

Маҳаллий аҳоли яқинларини яраланганлар, ҳалок бўлганлар ва ҳибсга олинганлар орасидан қидирмоқда. Баъзиларнинг айтишича, уларнинг фарзандлари, эрлари, қўшнилари кўчада бўлишган ёки озиқ-овқат учун ташқарига чиқишган ва энди уларнинг қаердалиги ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Уларнинг барчаси қуролсиз бўлганликлари таъкидланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев якшанба куни намойишлар оқибатида аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходамлари орасида қурбонлар борлигини тасдиқлади. У тартибсизликларда қатнашган айрим кимсалар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан тўқнашувларни келтириб чиқаришга, қўриқланадиган ҳудудларга зўравонлик билан бостириб киришга, биноларга тош ва турли буюмлар отишга, «бир неча гуруҳ қуролларни қўлга киритиш мақсадида Нукус ИИББ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллаб олишга уринганини» маълум қилди.

Шу куниёқ аҳоли билан учрашувда Нукус ҳокими Утемурат Панаев душанба кунидан бошлаб шаҳарда бозорлар, болалар боғчалари ишлай бошлаши ва жамоат транспорти ҳаракати тикланишини айтди.

«Газета.uz» журналистиканинг барча стандартларига риоя қилишга, эълон қилинаётган барча фактларни қайта текширишга ва расмий органларда мавжуд маълумотларни тасдиқлашга интилади. Шунинг учун ҳам бизнинг мухбиримиз воқеа жойига етиб борди. Бироқ, давлат идораларининг тезкор маълумотлари бўлмаган, шу жумладан вафот этганлар ва яраланганлар статистикаси эълон қилинмаган шароитда, гарчи биз максимал даражада бунинг олдини олишга ҳаракат қилсак-да, баъзи маълумотлар тўлиқсиз ёки хато бўлиши мумкин.

Фото

Якшанба куни кўчаларда вазият анча тинч эди, одамлар ўз юмушлари билан кўчага чиқишди.

Республика суд экспертизаси марказидаги одамлар.

Шифохонадаги яраланган фуқаро.

Тиббиёт муассасасидаги яраланган фуқаро.

Шошилинч тиббий ёрдам марказидаги одамлар.

Ҳарбий шифохонадаги яраланган аскарлар. Фото: Kun.uz.

Намойишлар вақтида зарарланган транспортлар.

Сув ташувчи маниша ёниб кетган.

Намойишлар оқибатлари.