Ўзбекистон иқтисодий соҳада бозор механизмлари жорий этилганига қарамасдан, ижтимоий давлат бўлиб қолаверади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева парламент юқори палатасининг 13 июндаги ялпи мажлисида маълум қилди.

Бозор механизмларининг жорий этилиши барча соҳаларда тобора кўпаймоқда. «Бу жуда муҳим. Биз иқтисодий тараққиётга эришмоқчи эканмиз, эркин бозор шароитларига албатта ўтишимиз керак. Бу бозор иқтисодиёти қонунларидан бири. Аммо, бу ижтимоий сиёсат кейинги ўринга қўйилади дегани эмас», — деди Сенат раҳбари.

«Янги Ўзбекистон — ўзининг энг устувор вазифаси ижтимоий давлат экалигини намойиш қилди ва бундан кейин ҳам шундай бўлаверади. Давлат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайли аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади. Буни фақат одамларга тўғри тушунтириш, очиқ ва ошкора ишлаш, мулоқотдан қочмаслик керак… Айнан янги сайланган маҳалла раислари ўз ишларида ана шу жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқдир», — деди у.

Танзила Нарбаеванинг айтишича, вазирликлар, идоралар, парламент ва маҳаллий кенгаш депутатлари маҳалла раисларини қўллаб-қувватлаши, аҳолига ислоҳотларнинг моҳияти ва зарурлигини тушунтириш учун ҳудудларга бориши лозим.

«Кўриб турганингиздек, нархлар ёки бошқа қарама-қаршиликлар билан боғлиқ вазият ўзга мамлакатларда содир бўлаётган воқеалар билан ҳам боғлиқ. Бу Ўзбекистон ичкарисидаги муаммо эмас, ташқи дунёнинг таъсири. Шунинг учун аҳоли билан мулоқот олиб бориб, бу жараёнларни тўғри тушунтиришимиз керак», — деди у.

Ўзбекистонда сўнгги ойларда шакарнинг нархи ошди. Иқтисодий тараққиёт вазирлиги бу асосан ташқи омиллар таъсири остида содир бўлишини таъкидлади. Ишлаб чиқариш ва импортнинг кўпайиши ҳисобига шакар танқислиги кузатилмаслигини айтди, аммо интернетда ушбу маҳсулотга ортган талаб ҳамда арзонроқ шакар учун узун навбатларни кўриш мумкин.

1 июнда давлат ун ва дон сотишнинг эски тартибидан воз кечди ва бу жараёнларга бозор тамойилларини жорий қила бошлади. Биринчи босқичда расмийлар донни минимал нархида сотиб олишди ва июл-август ойларида эса аллқачон биржа котировкаларига ўтилди. Тошкентда шаклли нон (бухонка) нинг нархи ой бошидан буён 1600 сўмдан 2800 сўмгача ошди. Молия вазирлигининг қайд этишича, ноннинг ўртача бозор қиймати 2550 сўмни ташкил этади.

1 июлдан бошлаб электр ва газ нархларини ошириш, шунингдек энергия истеъмоли учун ижтимоий нормаларни жорий этиш таклиф этилди. Ҳужжатни ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш асосий мезон сифатида қабул қилинди, деб таъкидлади иқтисодий ривожланиш вазирлиги.