Владимир Зеленский Украинанинг ЕИга аъзо бўлиши учун аризани имзолади

Украина президенти Владимир Зеленский Евроиттифоққа аъзо бўлиш учун аризани имзолади. «Бунинг ҳақиқат эканига ишончим комил», — деди у.

Ҳужжатнинг сурати Олий Раданинг Telegram-каналида эълон қилинди. Ариза Европа Кенгаши, Европарламент раҳбарлари ҳамда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Франция президенти Эммануэл Макрон номига йўлланган.


Бир қатор давлатлар Россия учун ўз ҳаво ҳудудларини ёпди

Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида турли давлатлар ўз ҳаво ҳудудини Россия фуқаро авиацияси учун ёпишни бошлади. Ҳозирги вақтда Европа Иттифоқининг барча 27 та аъзо-давлати рус самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпган. Шунингдек, Канада Европа ҳудудидан ташқарида жойлашган давлатлар орасида парвозларни чеклаган илк мамлакат бўлди.


Харьков шаҳри «Град»дан ўққа тутилди

Украинанинг аҳоли сони бўйича иккинчи йирик шаҳри Харьков «Град» залп билан ўт очиш тизимларидан ўққа тутилди. Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Геращенко ўнлаб қурбонлар ва юзлаб жабрланганлар борлиги ҳақида баёнот берган.

Аҳолидан олинган маълумотларга кўра, ракета келиб тушгач, жойларда автомат ўқ овозлари эшитилган. Антон Геращенко ярим соат ўтиб ҳам, Харьковдаги аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг ўққа тутилиши тўхтамаганини маълум қилган.


Еврокомиссия раҳбари: «Украина ЕИга аъзо бўлиши керак, биз уни Европа оиласида кўришни истаймиз»

«Украина вақт ўтиб, ЕИга аъзо бўлиши керак, бу мамлакат — бизларнинг биттамиз, биз уни Европа оиласида кўришни истаймиз», — деди Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен. У Украина Европа қадриятларини тушунишини ва тинч демократик шароитда яшашни исташини таъкидлади. Шунингдек, Германия канцлери Олаф Шольц Бундестаг қаршисида чиқиш қилар экан, Украинага амалга оширилган босқин учун бутун бошли рус халқи эмас, балки Владимир Путиннинг шахсан ўзи жавобгарлигини айтди.


Украина ва Россия музокаралари бошланди

Украина ва Беларусь чегарасида Украина ва Россия делегациялари ўртасида музокаралар бошланди. Украина делегацияси музокара учун белгиланган ҳудудга Гомель орқали тўғридан-тўғри йўл билан эмас, балки айланма ҳудуд — Польша орқали келган. Муҳокамаларнинг асосий мавзуси — ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва Украина ҳудудидан қўшинларни олиб чиқиб кетишэканлиги айтилмоқда.


Украинадаги можаро ортидан Россияга спорт бўйича қатор чекловлар қўйилмоқда

Россиянинг Украинага қарши «махсус ҳарбий операциялари» оқибатида мамлакат спортда ҳам кўплаб санкцияларга учради. УЕФА Чемпионлар Лигаси финалини Санкт-Петербургда эмас, Парижда ўтказишга қарор қилди. ФИФА ҳам Россия ҳудудида ҳеч қандай халқаро мусобақа ўтказилмаслигини маълум қилди, энди мамлакат вакиллари Россия байроғи ёки мадҳиясидан фойдалана олмайди. Бундан ташқари, Владимир Путин Халқаро дзюдо федерациясининг «фахрий президенти ва элчиси» мақомидан маҳрум этилди. Сочида ўтиши кутилаётган «Формула-1» гран-приси эса бекор қилинди.


Россия Марказий банки асосий ставкани 20 фоизга оширди

Россия Марказий банки асосий ставкани 9,5 фоиздан 20 фоизга оширишга қарор қилди. Марказий банк баёнотида қайд этилишича, бу молиявий ва нархлар барқарорлигини сақлаш, фуқаролар жамғармаларини қадрсизланишдан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Мамлакат Молия вазирлиги экспортчиларга валюта тушумининг 80 фоизини сотиш мажбуриятини юклади.


Дунёдаги энг йирик самолёт Россия ҳарбийлари томонидан йўқ қилинди

Киев яқинидаги Гостомель аэропортида турган дунёдаги энг катта Ан-225 «Орзу» самолёти Россия ҳарбийлари томонидан йўқ қилинди.

Қайд этилишича, самолёт Гостомель аэропортида таъмирлаш жараёнида бўлган ва шу сабабдан Россия қўшинлари мамлакатга бостириб кирган вақтда Украинани тарк эта олмаган.

«Бироқ самолёт албатта қайта тикланади, — дея маълум қилинди Укроборонпром хабарида. — Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бунинг учун 3 млрд доллар ва 5 йилдан зиёд вақт керак бўлади. Бизнинг вазифамиз ушбу харажатларни украин авиацияси ва авиацион юк ташиш секторига катта зарарларни етказган Россия Федерацияси қоплашига эришишдан иборат», — дея қўшимча қилинди.


Жанубий Корея Россияга қарши санкциялар қўллаётган давлатлар қаторига қўшилди

Жанубий Корея стратегик товарларни жўнатишни тақиқлаш орқали Россияга нисбатан экспорт назоратини кучайтиради ва Ғарб давлатларининг баъзи рус банкларини Swift халқаро банклараро ахборот алмашув тизимидан узиб қўйиш ҳаракатларига қўшилади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

«Корея ҳукумати Россиянинг Украинага қуролли босқинини қоралади ва халқаро ҳамжамиятнинг масъул аъзоси сифатида халқаро ҳамжамиятнинг вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларида, жумладан, иқтисодий санкцияларда фаол иштирок этишга қарор қилди», — дейилади вазирлик баёнотида.

Стратегик товарлар қаторига электроника, яримўтказгичлар, компьютерлар, ахборот ва алоқа воситалари, сенсорлар ва лазерлар, навигация ва авионика, денгиз ва аэрокосмик ускуналар киради.


Австралияда сув тошқинлари оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди

Австралиянинг шарқий қисмида кучли ёмғир ва сув тошқини натижасида саккиз киши ҳалок бўлди, дея хабар берди BBC.

Янги Жанубий Уэльс (Австралиянинг шарқий қисмидаги штат) шимолидаги Лисмор шаҳридаги дарё қирғоқларни бузиб, тошқин 14,37 метргача кўтарилди. Айни пайтда Квинсленддаги Брисбен дарёсида сув тошқини содир бўлаётгани ва катта миқёсда зарар келтираётгани айтилди.