Киев яқинидаги Гостомель аэропортида турган дунёдаги энг йирик транспорт самолёти — Ан-225 «Орзу» (укр. Мрія) Россия ҳарбийлари томонидан Украинада амалга оширилаётган «ҳарбий операция» давомида йўқ қилинди. Бу ҳақда «Укроборонпром» концерни хабар қилди.

Қайд этилишича, самолёт Гостомель аэропортида таъмирлаш жараёнида бўлган ва шу сабабдан Россия қўшинлари мамлакатга бостириб кирган вақтда Украинани тарк эта олмаган.

«Бироқ самолёт албатта қайта тикланади, — дея маълум қилинди Укроборонпром хабарида. — Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бунинг учун 3 млрд доллар ва 5 йилдан зиёд вақт керак бўлади. Бизнинг вазифамиз ушбу харажатларни украин авиацияси ва авиацион юк ташиш секторига катта зарарларни етказган Россия Федерацияси қоплашига эришишдан иборат», — дея қўшимча қилинади.

Маълумот учун, самолёт 1984−1988 йилларда Киев механика заводида ягона нусхада ишлаб чиқилган. Илк парвозини 1988 йилнинг 21 декабрида амалга оширган. 2022 йил февраль ойи охирига қадар парвоз ҳолатида бўлган ва Украинанинг Antonov Airlines авиакомпанияси томонидан эксплуатация қилинган.