Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен 27 февраль куни Euronews эфирида Европа иттифоқи давлатлари Украинани Европа оиласида кўришни истайди, дея баёнот берди.

«Биз ҳамиша урушга қарши бўлганмиз. Украина ҳеч қачон бу урушни хоҳламаган. Урушни президент Путин бошлаган ва олиб бормоқда, шу боис биз молиявий ва иқтисодий соҳаларда қатъий санкциялар билан жавоб қайтармоқдамиз», — деди у.

Еврокомиссия раҳбари шунингдек, санкцияларнинг учинчи пакетини таклиф этганини айтди. Бу Россиянинг айрим банкларини SWIFT тизимидан узиб қўйишни, Россия Марказий банки активларини музлатиб қўйишни назарда тутадиган молиявий санкциялардир. Санкциялар жисмоний шахсларга ҳам таъсир кўрсатади. ЕИ шунингдек, Россиянинг барча самолётлари учун ўз осмонини ёпди. Урсула фон дер Ляйен ўхшаш санкциялар Беларусга нисбатан қўлланилишини ҳам маълум қилди.

«Ҳар бир урушнинг тўлови бор, биз буни биламиз, аммо Украина билан бирдамлигимиз улкан, — деди ўз баёнотида Еврокомиссия раҳбари, Украина билан бирдамликнинг европаликлар учун баҳоси ҳақидаги саволга жавоб берар экан. — Бу мамлакатда қадриятларимизни тушунишади, у ерда бизнинг тамойилларимизни ҳимоя қилишади. Украиналиклар тинч демократияда яшашни истайди, Россия эса унга босқин уюштирмоқда. Шу учун Украина бизнинг тўлиқ бирдамлигимизга лойиқ, ва у бунга гувоҳ бўлади».

Украина Европа иттифоқига аъзоликка номзод бўлиши керакми, деган саволга Урсула фон дер Ляйен Украина ўз бозорини ЕИ ягона бозорига интеграция қилишда иштирок этаётгани, иттифоқ билан энергетика соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келиши ҳақида эслатиб ўтди.

«Вақт ўтиб, Украина ЕИга аъзо бўлиши керак, бу мамлакат — бизларнинг биттамиз, биз уни Европа оиласида кўришни истаймиз», — деди Европа комиссияси раҳбари.

Урсула фон дер Ляйен ҳозирги «барча демократик давлатларнинг мисли кўрилмаган ҳамкорлиги ва бирдамлигига» урғу берди.

«Америкалик дўстларимиз, Буюк Британия, Канада биз билан бирга. Япония, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб мамлакатлар бизга қўшилди. Австралия ҳам шу гуруҳда, бу эса: бизлар биргаликда Европада демократия ҳимоясига турганимизни англатади. Биз қоидаларга асосланган тинч тартиботни ҳимоя қилишимиз муҳим. Европа иттифоқи Европа заминида қадриятларимиз оёқости қилинишига тоқат қилмайди, дея аниқ айтишимиз керак».

Ўз чиқиши якунида Еврокомиссия раҳбари Россия президенти Владимир Путинга қачонлардир ишона олиши ҳақидаги саволга жавоб берган. «Владимир Путинга бўлган ишончга келадиган бўлсак, у тўлалигича йўқотилди», — деб айтган Урсула фон дер Ляйен.

Германия канцлери: «Рус халқи эмас, айнан Путин урушни танлади»

Якшанба, 27 февраль куни, Германия парламенти — Бундестагнинг шошилинч йиғилиши бўлиб ўтди. Германия канцлери ўз нутқида Украинага босқин учун бутун бошли рус халқи эмас, айнан Путин жавобгар эканлигини таъкидлаб, Украинага қурол билан ёрдам беришини маълум қилди. Канцлер нутқининг таржимаси «Медуза» томонидан эълон қилинди.


Фото: DW / Bildehege

«2022 йилнинг 24 февраль куни минтақамиз тарихида даврлар ўзгариши содир бўлди. Россия президенти Владимир Путин Украинага бостириб кириб, совуққонлик билан уруш бошлади. Бу урушнинг биргина сабаби бор: украин халқининг эркинлиги Путин режими яшашини савол остида қолдирмоқда. Бу инсонийликка зид. Бу халқаро ҳуқуққа зид. Буни ҳеч нима билан, ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди», — деб баёнот қилди Олаф Шольц.

«Асосий савол: куч ҳуқуқни енга оладими, биз Путинга соат милларини ортга қайтариб, XIX асрга, державалар ўртасидаги курашга қайтишига имкон берамизми — ёки Путинга ўхшаган уруш оловини ёқувчиларни тўхтата оламизми? Демак, ўзимизга кучни қайтариш талаб этилади», — деган Германия канцлери.

Унинг фикрича, Украинага босқинни амалга оширган Владимир Путиннинг мақсади дунё харитасидан мустақил давлатни йўқ қилишдангиа иборат эмас, у қарийб ярим аср — Хельсинки битими имзолангандан буён мавжуд бўлган Европа хавфсизлик тизимини йўқ қилмоқчи. «У ўзини халқаро ҳамжамиятдан чиқариб юбормоқда», — дейди Олаф Шольц.

«Президент Путин мунтазам хавфсизлик бўлинмаслиги ҳақида гапиради. Аслида эса у қурол кучи билан минтақани барча учун яхши таниш бўлган таъсир соҳаларига бўлиб ташламоқчи. Бу Европа хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатади. Тўғри, Россияга таҳдид қилиш орқали Европада узоқ муддатли хавфсизликка эришиб бўлмайди. Лекин айнан Путин Европа хавфсизлигига таҳдид солмоқда — буни ва ниҳоят аниқ айтиш керак», — деди канцлер.

У мамлакат олдида бешта масала турганини айтди.

«Биринчидан, биз ушбу умидсиз вазиятда Украинани қўллаб-қуватлашимиз керак. […] Президент Путин, Украинага босқин уюштириб, пайшанба куни янги реалликни яратди. Бу янги реаллик аниқ муносабатни талаб қилади. Хабарингиз бор, кеча биз Германия Украинага мамлакатни ҳимояси учун қурол етказиб бериши ҳақида қарор қабул қилган эдик. Путин томонидан бўлаётган агрессияга бошқача жавоб бўлиши мумкин эмас», — деди Олаф Шольц.

«Иккинчи масала — Путинни агрессив курсдан воз кечишга мажбур қилиш. Уруш — Украина учун ҳалокат. Аммо уруш Россия учун ҳам ҳалокатга айланади», — деб баёнот қилди у.

Канцлер Россияга қарши қабул қилинган санкциялар ҳақида эслатиб ўтди: давлат банклари ва корхоналарига қарши санкциялар, юқори технологиялар экспортига тақиқ, Россия раҳбариятининг 98 вакилига қарши, жумладан, Владимир Путиннинг ўзига қарши санкция. У шунингдек, Россиянинг айрим банклари SWIFT тармоғидан узилишини эълон қилди.

«Хаёлларга берилиш керак эмас: Путин ўзи танлаган курсни эртага ўзгартирмайди. Аммо Россия ҳукумати тез орада қандай юқори баҳони тўлаётганини ҳис этади, — деди Олаф Шольц. — Ўтган ҳафтанинг ўзида Россия биржа индекслари 30%га қулади. Бу биз қўллаётган санкциялар иш бераётганини англатади. Ва биз уларни ҳеч бир ички чекловларсиз киритишда давом этишга тайёрмиз».

«Биз фақат битта нарсани ўйлаяпмиз: юз берган воқеа учун жавобгар бўлганларга яна қандай тарзда оғирроқ зарба беришимиз мумкинлиги ҳақида. Шу кунларда ҳамма гапираётган одамларга нисбатан яъни. Аммо рус халқи бундан мустасно!» — дея қайд этган у.

«Ахир урушни рус халқи эмас, айнан Путин танлади. Шундай экан, келинг баралла овозда: бу уруш — Путиннинг уруши эканини айтамиз. Бу фарқ шахсан мен учун муҳим, — дея таъкидлаган Германия канцлери. — Чунки Иккинчи жаҳон урушидан кейин руслар ва немислар ўртасидаги ярашув умумий тарихимизнинг муҳим саҳифаси бўлган ва шундай бўлиб қолади. Россия ёки Украинада туғилган мамлакатимиз фуқаролари учун бу ҳолатга чидаш қанчалик қийинлигини тушунаман. Шу боис, биз Путин ва эркин дунё ўртасидаги можаро эски яраларни янгилаши ва ўз ортидан янги айбловларни олиб келишига йўл қўя олмаймиз».

«Унутиш мумкин бўлмаган яна бир қанча жиҳатлар бор: кўпгина Россия шаҳарларида сўнгги кунларда фуқаролар Путин урушига қарши чиқишди. Уларни ҳатто ҳибслар ва жарималар ҳам тўхтата олмади. Бу учун улкан жасорат ва ҳақиқий қатъият керак!» — дея таъкидлади Олаф Шольц.

«Германия бугун украин халқи ҳимоясига турди. Бизнинг барча ўйларимиз босқин қурбонлари билан, биз уларга чуқур ҳамдардмиз. Шу билан бирга биз Россияда Путин режимига қарши чиқаётган ва Украина билан урушни рад этаётганларнинг тарафидамиз. Бундай инсонлар кўплигидан хабаримиз бор. Мен уларга: таслим бўлманг, дейман! Аминманки, эркинлик, бағрикенглик ва инсон ҳуқуқлари Россияда ғалаба қозонади», — дея хулоса қилди Германия канцлери.