Вақти ва жойи бир неча маротаба кўчирилган Москва ва Киев делегацияси ўртасидаги музокаралар бугун, 28 февраль куни Гомель вилоятида бошланди, деб хабар бермоқда УНИАН ва БелТА.

Зеленский офиси муҳокамаларнинг асосий мавзуси ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва Украина ҳудудидан қўшинларни олиб чиқиб кетиш эканлигини маълум қилган.

Украина делегацияси таркибидан мудофаа вазири Алексей Резников, президент офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк, ҳукмрон «Слуга народа» партияси фракцияси раҳбари Давид Арахамия, депутат Рустем Умеров ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Николай Точицкий ва учтомонлама мулоқот гуруҳида украина делегацияси раҳбари ўринбосари Андрей Костинлар ўрин олган.

Россия делегациясига Владимир Путиннинг ёрдамчиси, собиқ маданият вазири Владимир Мединский бошчилик қилмоқда. Делегацияси таркибидан шунингдек, ТИВ раҳбари ўринбосари Андрей Руденко, мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин, Россиянинг Беларусдаги элчиси Борис Грызлов ва депутат Леонид Слуцкий ўрин олган.

Владимир Мединский сал аввал журналистларга берган интервьюсида музокаралар Украина томони туфайли кечикканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, РФ делегацияси 27 февраль, якшанба куни Украина делегацияси билан келишилган ҳудуд — Украина чегарасига яқин бўлган Беларуснинг Гомель вилоятига етиб келган, аммо Украина томони логистикадаги муаммолар туфайли музокараларга бугун, 28 февраль куни, келиши ҳақида хабар беришган.

Мединский шунингдек, Украина билан музокаралар олдидан Россия делегацияси умуман ухламаганини маълум қилган.

РИА Новостининг сўнгги хабарига кўра, Украина президенти Владимир Зеленский Россия делегацияси учрашув учун белгилаган вақт тугашига 10 дақиқа қолганида Украина музокараларда иштирок этишини тасдиқлаган.

Музокаралар Беларусь президенти Александр Лукашенконинг ташаббусига кўра бошланган. Хавфсизлик нуқтаи-назаридан музокараларнинг аниқ жойи айтилмаяпти.

Музокараларнинг қанча давом этиши ҳам ҳозирча маълум эмас.

Айни вақтда европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Москва ва Киев вакиллари ўртасидаги музокараларни «биринчи қадам» дея баҳолаб, музокараларни олқишлашини эълон қилди. Германия ҳукумати, Хитой ТИВ раҳбари Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни олқишлашларини билдиришган.

Россия президенти Владимир Путин 24 февраль куни Донбасс ҳудудида Украинани «делимитаризация ва денацификация» қилишга қаратилган «махсус ҳарбий операция» бошлангани ҳақида эълон қилган эди.