Россиянинг Украинага қарши амалга ошираётган «махсус ҳарбий операциялари» ортидан мамлакатга иқтисодий санкциялардан ташқари халқаро спорт тадбирлари бўйича ҳам турли чекловлар ўрнатилмоқда.

Даставвал, УЕФА Чемпионлар Лигаси финалини Санкт-Петербургда ўтказмасликка қарор қилди. Турнирнинг финал ўйини 28 май куни «Газпром Арена»да бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ, 25 февраль куни ўтган УЕФА Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилишида Украинадаги вазият туфайли Чемпионлар лигаси финалини Парижга кўчирди.

Шунингдек, УЕФA мусобақаларида иштирок этувчи Россия ва Украина клублари ҳамда терма жамоа кейинги қарор қабул қилингунга қадар уй учрашувларини нейтрал стадионларда ўтказиши шарт этиб белгиланди.

ФИФА Россиянинг Украинага бостириб киришида куч ишлатганини яна бир бор қоралаб, зудлик билан тинчликни қайта тиклашга ва конструктив мулоқотни бошлашга чақирди.

ФИФА УЕФА билан келишган ҳолда ФИФА Кенгаши Бюроси — ФИФА Президенти ва олти Конфедерация президентлари иштирокида — Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) тавсияларига мувофиқ, Россияга нисбатан турли чораларни кўришга бир овоздан қарор қилди:

  • Россия ҳудудида ҳеч қандай халқаро мусобақа ўтказилмайди, «уй» ўйинлари нейтрал ҳудудда ва томошабинларсиз ўтказилади.
  • Россия вакили бўлган аъзо ассоциация ҳар қандай мусобақада «Россия» эмас, «Россия Футбол Иттифоқи (РФИ)» номи остида иштирок этади.
  • Россия футбол иттифоқи жамоалари иштирок этадиган ўйинларда Россия байроғи ёки мадҳиясидан фойдаланилмайди.

ФИФА ХОҚ, УЕФА ва бошқа спорт ташкилотлари билан вазият тезда яхшиланмаса, яқин келажакда қўлланилиши мумкин бўлган ҳар қандай қўшимча чоралар ёки санкциялар, жумладан, мусобақалардан четлаштириш учун мулоқотни давом эттиришини маълум қилди.

ФИФА 2022 йилги Жаҳон чемпионатига саралаш ўйинлари бўйича Польша, Чехия ва Швеция футбол ассоциациясининг ижтимоий тармоқлар орқали билдирилган позицияларини яхши эътиборга олгани ва ҳозирданоқ барча давлатлар билан мулоқотга киришгани ҳамда мақбул ечимларни биргаликда топиш учун яқин алоқада қолишини маълум қилди.

Қолаверса, Халқаро дзюдо федерацияси Украинада давом этаётган уруш можароси муносабати билан Владимир Путин федерациянинг «фахрий президенти ва элчиси» мақомидан маҳрум қилинганини эълон қилди.

Шунингдек, «Формула-1», FIA ва жамоалар ҳозирги вазиятда Россия Гран-присини ўтказиш мумкин эмас деган қарорга келди ва 25 сентябрь куни Сочида бўлиб ўтиши керак бўлган мусобақани бекор қилди. «Формула-1» Украинадаги воқеалар ривожини қайғу ва ҳайрат билан кузатаётгани ва ҳозирги вазият тезроқ ҳамда тинч йўл билан ҳал этилишига умид билдирган.

25 февраль куни Халқаро чанғи федерацияси ҳам Украинадаги мавжуд вазият туфайли 2021/22 йилги мавсумда Россияда бўлиб ўтиши керак бўлган жаҳон чемпионатининг барча босқичларини бекор қилди. Бу чекловлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Ski Cross World Cup — 25−27 февраль, Челябинск;
  • Aerials World Cup — 26−27 февраль, Ярославль;
  • Aerials World Cup — 5 март, Москва;
  • Аёллар ўртасидаги Ski Jumping World Cup — 18−20 март, Нижний Тагил;
  • Аёллар ўртасидаги Ski Jumping World Cup — 25−27 март, Чайковский;
  • Cross Country World Cup — 18−20 март, Тюмень.

Бундан ташқари, 2022 йилги Халқаро шахмат олимпиадаси ҳам Россияда ўтмайдиган бўлди. Халқаро шахмат федерациясининг 25 февралдаги қарорига кўра, Россия ва Украина билан боғлиқ ҳозирги зиддиятлар туфайли 44-шахмат Олимпиадасини Россиядан бошқа жойга кўчириш белгиланди. Икки ҳафта давомида 190 га яқин мамлакат жамоалари кураш олиб борадиган ушбу чемпионат 26 июлдан 8 августгача Москвада бўлиб ўтиши керак эди.