Европа Иттифоқининг барча 27 та аъзо-давлати Россия Федерацияси самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпган. Шунингдек, Канада Европа ҳудудидан ташқарида жойлашган давлатлар орасида парвозларни чеклаган илк мамлакат бўлди

Парвозларни чеклаш Буюк Британиядан бошланди, у Россия авиакомпанияси бўлган Аэрофлотнинг Буюк Британияга учиш учун берилган лицензиясини бекор қилди. Натижада 25 февраль куни 11:00 Англия билан боғлиқ бўлган барча авиақатнов ва транзитларнинг Россияга учиши чеклаеди.

Бироз ўтиб, Польша ва Чехия Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпиб қўйди. Польша транзит қатновлари учун муқобил йўналишларни ишлаб чиқишга ваъда берди. Бунга жавобан, «Аэрофлот» Прага ва Варшавага бўлган рейсларни 2022 йил 28 мартгача тўхтатди.

Буюк Британия, Польша, Чехиядан сўнг Болгария ҳам Россия самолётларининг ўз ҳаво ҳудудига кириши ва қўнишига тақиқ қўйди. Ўз навбатида, Россия ҳам Польша, Чехия ва Болгария учун ўз ҳаво майдонини ёпди. Ушбу ҳаракатини рус ҳукумати мазкур давлатлардаги «авиация ҳукуматининг нодўстона қарорлари билан боғлиқ» дея изоҳлади.

Ушбу рўйхатда бешинчи бўлиб Эстония қўшилди. 26 февраль куни Эстония Польша ташаббусига қўшилиши ва барча рус авиакомпанияларига ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишни тақиқлашини билдирди.

Бироздан сўнг Латвия ва Литва ҳам юқоридаги давлатларга қўшилиб, рус самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Литва осмонининг ёпилиши Россиянинг Калининград вилоятига парвозларини мураккаблаштирди. Росавиация маълумотларига кўра, Россия авиакомпаниялари ушбу ҳудудга парвозлар учун Болтиқ денгизининг нейтрал сувлари орқали ҳаво йўлларидан фойдаланишади.

Россия самолётларига Руминия, Словения, Австрия, Дания, Ирландия, Испания, Италия, Германия, Франция, Недерландия, Бельгия, Швеция, Исландия, Норвегия, Албания, Венгрия, Португалия, Словакия, Финландия, Хорватия, Мальта, Люксембург, Кипр, Шимолий Македония ва Греция ҳам бирин-кетин тақиқ қўйишни бошлади.