Россия Марказий банки асосий ставкани 9,5 фоиздан 20 фоизга оширишга қарор қилди, деб хабар қилди банк матбуот хизмати.

«Россия иқтисодиёти учун ташқи шароитлар кескин ўзгарди. Асосий ставканинг ошиши ортиб бораётган девальвация ва инфляция рискларини қоплаш учун зарур бўлган даражага депозит ставкаларини оширишни таъминлаш имконини беради. Бу молиявий ва нарх барқарорлигини сақлаш, фуқаролар жамғармаларини қадрсизланишдан ҳимоя қилишга ёрдам беради», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 28 февралдан бошлаб мамлакат Молия вазирлиги экспорт қилувчиларга барча ташқи савдо шартномалари бўйича валюта тушумларининг 80 фоизини сотиш мажбуриятини юклади.

Душанба куни эрталаб Москва биржасидаги савдолар бошида доллар курси 90 рублгача кўтарилиб, янги тарихий кўрсаткичларни қайд этди. Евро курси 101,19 ни ташкил этмоқда. Ўтган ҳафтадан бошлаб РФ Марказий банки миллий валютани қўллаб-қувватлаш мақсадида валюта интервенцияларини амалга оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни Россиянинг Украинага бостириб киришидан буён Ғарб давлатлари азкур давлатга қарши бир неча бор янги санкциялар пакетини эълон қилди. Россиянинг бир қанча йирик банклари, жумладан Сбербанк ва ВТБ ушбу рўйхатга тушди. Айрим давлат компаниялари учун хорижий капитални жалб қилиш қийинлашди. Ғарб давлатларидан Россияга юқори технологияли маҳсулотларни экспорт қилишга тақиқлар жорий этилди.