2 февраль куни Нукус шаҳридаги марказий дехқон бозорига туташ ҳудудда бозор атирофидаги автомобиль йўлини тўсган 3 нафар фуқарога 15 сутка маъмурий қамоқ жазо тайинланди.

Аввалроқ, «Газета.uz» ўз манбасига таяниб, йўлни тўсганлар «NUKUS DILISHA» МЧЖга қарашли 3 қаватли савдо биносида ижара асосида фаолият юритувчи тадбиркорлар эканини маълум қилганди.

Манбага кўра, дўконларнинг ижара пули сўнгги 3−4 ой ичида кўтарилган. Яқинда эса, ижарачиларга ижара пули яна 1 миллион сўмга кўтарилиши маълум қилинган. Хусусан, иккинчи қаватда 2−3 миллион сўмга ижарада турувчи тадбиркорлар келаси ойдан бошлаб ижара учун 3−4 миллион сўмдан тўлашлари керак бўлган. Натижада ижарачи тадбиркорлардан тахминан 50 нафари норозилигини билдириш учун бозор ёнидаги йўлни тўсган.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ушбу вазиятни жамоат тартибини бузиш деб атаганди.

4 февраль куни вазирлик маҳаллий телеканалда содир бўлган вазият бўйича қўшимча маълумот берди. Унда ҳолат юзасидан қўзғатилган маъмурий иш Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди томонидан кўриб чиқилгани айтилди.

Суд қарорига кўра, Нукус шаҳрида яшовчи Т.Ш, М.Т ва Ж.С.ларга нисбатан МЖтКнинг 201-моддасига мувофиқ, йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлиги учун ҳар бирига 15 сутка маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинланган.

Қорақалпоғистон ИИВ матбуот хизмати раҳбари Дауран Елмуратов фуқароларни огоҳлантирди: «Шу каби ҳаракатларни амалга ошириш давлатимизда қонун билан тақиқланган».