2 февраль куни Нукус шаҳридаги марказий дехқон бозорига туташ ҳудудда фуқаролар бозор атирофидаги йўлни тўсишган. Ҳолат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўша куннинг ўзида маҳаллий «Қорақалпоғистон» телеканалида расмий маълумот берди.

«Нукус шаҳрида жойлашган МЧЖда ижарада тадбиркорлик билан шуғулланувчи шахслар бозор атрофидаги йўлни тўсиб жамоат тартибини бузган. Бу вазият бўйича ҳозирги пайтда Нукус шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан тегишли суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади расмий маълумотда.

«Газета.uz» манбасининг маълум қилишича, йўлни тўсганлар «NUKUS DILISHA» МЧЖга қарашли 3 қаватли савдо биносида ижара асосида фаолият юритувчи тадбиркорлар бўлган. Манбага кўра, дўконларнинг ижара пули сўнгги 3−4 ой ичида кўтарилган. Яқинда эса, ижарачиларга ижара пули яна 1 миллион сўмга кўтарилиши маълум қилинган. Хусусан, иккинчи қаватда 2−3 миллион сўмга ижарада турувчи тадбиркорлар келаси ойдан бошлаб ижара учун 3−4 миллион сўмдан тўлашлари керак бўлган.

Натижада ижарачи тадбиркорлардан тахминан 50 нафари норозилигини билдириш учун бозор ёнидаги йўлни тўсган. Бу ер Нукус шаҳридаги «Нукус марказий дехқон бозори» ҳудудига туташ бўлиб, у ерда бозорнинг ҳам автомобиллар турар жойи жойлашган.

Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби фуқароларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддасига мувофиқ, йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш — БҲМнинг олтмиш бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга, 183-моддасига асосан (майда безорилик) — БҲМнинг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши билан огоҳлантирган.