Қарийб 100 млн сўмлик Ремдесивир дори воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 99 млн сўмлик 99 дона Ремдесивир дори воситасининг ноқонуний айланмаси тўхтатиб қолди. Коронавирусга қарши ушбу препаратларнинг сифатини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмагани айтилмоқда.

Сергелидаги корхоналарнинг бирида ёнғин содир бўлди, 18 киши жароҳатланди

Сергелидаги тегирмон-ёрма саноати маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонадаги ишчилар ётоқхонасида ҳаво-газ чақнаши оқибатида ёнғин келиб чиқди. Бунга газ қувурларининг носозлиги сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳодиса туфайли 18 нафар фуқаро куйиш тан жароҳати билан шифохонага ётқизилди.

Қашқадарёда 1,5 млн сўм пора олган спорт мактаби директори 5 йилга қамалди

Китоб туманидаги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби эндиликдаги собиқ директори бошқа бир фуқародан спорт мураббийи лавозимига ишга киритиб қўйиш учун 1,5 млн сўм пора олган вақтида қўлга олинган. Унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турганларнинг ногиронлиги муддатсиз даврга белгиланади

Президент қарорига кўра, 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади. 2022 йил 1 августдан бошлаб Тошкент шаҳрида, 2023 йил 1 январдан республиканинг барча ҳудудларида ногиронлиги бўлганларни ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги электрон ахборот тизими жорий этилади. Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахслар ногиронлиги муддатсиз даврга белгиланади.

«Тутқунлик» фильми Россияда бўлиб ўтган кинофестивалда бош соврин билан тақдирланди

«Тутқунлик» фильми Россияда бўлиб ўтган «Волоколамский рубеж» ҳарбий-ватанпарварлик кинофестивалида «Гран-при» бош соврини билан тақдирланди. Ушбу фильмда 2019−2020 йилларда ўтказилган мазкур «Меҳр» операцияси жараёнлари акс эттирилган.

Абдулазиз Камилов БМТ махсус маърузачиси билан учрашди

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТ Махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан учрашди. Томонлар Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалаларини, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашишди.

«Бунёдкор» ўз ходимларига 1,5 млрд сўмдан кўпроқ маошларни тўлаб беришни кечиктирган

«Бунёдкор» футбол клуби 393 нафар ходимларининг октябрь ойи учун 1 млрд 532 млн сўмдан кўпроқ ойликларини тўлаб беришни кечиктирган. Клуб айни вақтда ҳомийси ҳисобланган «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан маблағлар ажратилаётганлигини маълум қилган.

4 йил ичида 62 нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштирганлик учун судланган — Олий суд

2016 — 2020 йиллар ҳамда 2021 йилнинг 1-ярми давомида 62 нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштириш учун судланган. Уларнинг аксарияти террористик ташкилот, уларнинг вакиллари ёки унга алоқадор шахсларга пул маблағларини тақдим этиш ёки уларнинг ҳисоб рақамларига пул кўчириш билан шуғулланган.

Тошкентнинг уч туманида кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний савдоси аниқланди

Пойтахтнинг Олмазор, Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманларида туманларидаги дорихоналарда тегишли ҳужжатлари бўлмаган кучли таъсир қилувчи «Регапен», «Karbaleks», «Карбамазепин», «Тропикамид», «Селофен» ва «Зардекс» дориларининг ноқонуний савдоси тўхтатилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт бошқарма ходимлари ярим кечагача ушлаб ўтирилганига изоҳ берди

Тошкент вилояти ҳокимлигининг Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ходимлари иш вақтидан сўнг ушлаб ўтирилгани, дам олиш куни ҳам ишга чиқишга мажбур қилинаётгани айтилмоқда. Бундан ташқари, 18:00 дан кейин тайинли иш бўлмасада, раҳбарият сабабсиз ходимларни ушлаб ўтиргани маълум қилинган. Вилоят ҳокимлиги эса ишдан ташқари ишларга жалб қилиш учун «ходимларнинг розилиги» олинганини айтмоқда.

Бир ярим йилда давлат харидлари соҳасидаги қонунбузарлик юзасидан 45 та иш қўзғатилди

Сўнгги бир ярим йил ичида давлат харидлари соҳасида қонунбузарликка йўл қўйган мансабдорларга нисбатан 21 та жиноий ва 24 та маъмурий иш қўзғатилди. Соҳалар кесимида қонунбузарликларнинг энг кўпи қурилиш ва соғлиқни сақлашга, ҳудудлар кесимида эса Тошкент шаҳри, Андижон, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларига тўри келмоқда.

Тошкент ер усти ҳалқа метро линияларини қуриш учун 354,3 млн доллар ажратилади

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Тошкентда ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши учун 354,3 млн доллар маблағ ажратилади. Бундан 208,4 млн доллар давлат бюджетидан, 108,4 млн доллар Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан кредит сифатида жалб қилинади. Маблағларнинг асосий қисми машина ва ускуналар сотиб олишга ҳамда қурилиш-монтаж ишларига йўналтирилади.

Финляндия Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги лойиҳаларни ривожлантириш учун $28 млн ажратади

Ўзбекистон Финляндиянинг Марказий Осиёдаги устувор ҳамкорлари рўйхатига киритилган. Қирғизистон ва Тожикистон билан биргаликда мамлакатга қонун устуворлиги ва иқтисодий ривожланиш лойиҳалари учун уч йил давомида 28 миллион доллар ажратилади.

«Вакциналар COVID-19`нинг ҳар қандай мутацияга учраган штаммида самара беради». Нурмат Отабеков — Omicron ҳақида

Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков тўлиқ эмланганларда коронавируснинг янги штамми енгил ўтишини маълум қилди. «Вакциналар COVID-19`нинг ҳар қандай мутацияга учраган штаммида самара беради», — деди у. Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, Omicron`нинг учинчи мамлакатлар орқали кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас, бироқ янги штамм учун алоҳида протокол ишлаб чиқиш заруриятини вақт кўрсатади.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Қўлланма: Ўт ўчиргич турлари ва улардан қандай фойдаланиш керак?

Совуқ фасллар кириб келиши билан биноларда ёнғин хавфи ортади. Ёнғинга қарши курашнинг энг самарали воситаси ўт ўчиргич ҳисобланади. Уларни кўпинча офисларда ва машиналарда учратиш мумкин, аммо ҳамма ҳам улардан қандай фойдаланиш тўғрисида маълумотга эга эмас. Ўт ўчиргичнинг турлари ва улардан тўғри фойдаланиш қоидалари ҳақида ўт ўчирувчи Алексей Сорочин «Газета.uz»га сўзлаб берди.