«Бунёдкор» ўз ходимларига октябрь ойи учун 1,5 млрддан кўпроқ миқдордаги маошларни тўлаб беришни кечиктирган. Ушбу ҳолат Тошкент шаҳар Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган ўрганишда аниқланди, дея хабар бермоқда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати.

Ўрганиш давомида, айни вақтда клуб томонидан жами 393 нафар ходимларга нисбатан октябрь ойи учун 1 млрд 532 млн 216 минг сўм миқдоридаги ойлик маошлари тўлаб берилиши кечиктирилганлиги аниқланган.

Шунингдек, ҳозирда клуб ўзининг ҳомийси ҳисобланган «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан маблағлар ажратилаётганлиги ва ходимларга ушбу тўловларни тўлаб бериш ҳаракатлари амалга оширалаётганлигини маълум қилган.

«Бундан ташқари, „Бунёдкор“ футбол клуби бош директори У. А. Мирзаев номига ходимларга ойлик иш ҳақи бўйича юзага келган қарздорликни бартараф қилиш ҳамда кейинчалик ойлик иш ҳақларини ўз муддатида тўлаш бўйича Давлат меҳнат иснпекцияси томонидан ёзма кўрсатма киритилди», — дейилади хабарда.